13 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Стратегик шерикка айланган Франция, Мирзиёевга “Фахрий легион” ордени, Ўзбекистонда бузилиб қолган Россия самолётлари ва шилқим ўқитувчига 5 сутка қамоқ — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Ўзбекистон ва Франция стратегик шерикликни йўлга қўйди
Францияга давлат ташрифи билан борган Шавкат Мирзиёев Эммануэл Макрон билан Парижда ўтказган музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Давлат раҳбарлари савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлигини кенгайтириш, Франциянинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Ўтган йилда товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард евродан ошгани, қўшма корхоналар сони эса 4 баробарга кўпайгани қайд этилди.
Музокаралар натижасида стратегик шериклик тўғрисидаги декларация қабул қилинди. Шунингдек, мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги ҳақида ҳукуматлараро битим имзоланди.
Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасида 6,5 млрд евро қийматидаги инвестиция ва инновация ҳамкорлик дастури тасдиқланди. Франция тараққиёт агентлиги билан 2026-2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик келишуви ҳам имзоланди.
Қолаверса, Ўзбекистон-Франция университети ташкил этиш тўғрисидаги битим, реадмиссия келишуви, мусиқа, кино ва театр соҳаларида ҳамкорлик ҳамда Тошкент ва Париж ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги баённома ҳам имзоланди.
Мирзиёев Франциянинг олий ордени билан мукофотланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Франциянинг энг олий мукофоти — Фахрий легион ордени билан тақдирланди. Парижда бўлиб ўтган маросимда мукофотни Франция президенти Эммануэл Макрон шахсан топширди.
Мирзиёев ушбу мукофотга икки мамлакат ҳамкорлигини ривожлантириш, халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашдаги улкан ҳиссаси учун сазовор бўлди. Президент Франция раҳбарига самимий миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этди.
Фахрий легион ордени 1802 йилда таъсис этилган бўлиб, Францияда энг юқори давлат мукофоти ҳисобланади. У мамлакат ва халқаро даражадаги юксак хизматлар учун берилади.
Бакалавриатга қабул учун тест мезонлари тасдиқланди
2025/2026 ўқув йили учун бакалавриатга қабул тест синовлари бўйича саволлар сони ва баҳолаш тартиби тасдиқланди. Олий таълим вазирлигининг буйруғига кўра, ўтган йилги тартиб сақлаб қолинди.
Барча абитуриентлар учун учта фан мажбурий: она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи бўйича 10 тадан савол топширишлари керак. Ҳар бир тўғри жавоб учун 1.1 балл, жами 33 балл тўплаш мумкин.
Шунингдек, бакалавриат йўналишига мос икки фан бўйича 60 та савол берилади. Биринчи фан учун 3.1 балл, иккинчи фан учун 2.1 балл ҳисобланади. Бу 156 баллни ташкил этади. Ижодий имтиҳонлар учун ҳам шунча балл ажратилади.
Шу тариқа, абитуриентлар жами 90 саволга жавоб бериб, 189 балл тўплаши мумкин.
Тошкентда ўқувчига шилқимлик қилган ўқитувчи қамалди
Тошкентда мактаб ўқитувчиси 10-синфда ўқийдиган ўқувчи қизни синф хонасига чақириб, эшикни ичкаридан қулфлаган ҳолда унга шилқимлик қилгани учун 5 суткага қамалди.
Сергели туманида содир бўлган ҳодисада 36 ёшли ўқитувчи ўқувчини ҳуқуқ фанига доир баҳона билан хонага чақирган. Қиз кирганидан сўнг, у эшикни қулфлаб, уни қучоқламоқчи бўлган.
Суд жараёнида ўқитувчи айбини тан олди ва бундай ҳаракатни қайта такрорламасликка ваъда берди. Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси асосида шаҳвоний шилқимликда айбдор деб топди. Унга нисбатан 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Бундан аввал Жиззахда ҳам ўқувчига нисбатан шилқимлик қилган 64 ёшли жисмоний тарбия ўқитувчиси устидан жиноий иш қўзғатилган эди.
Россиянинг икки самолёти Ўзбекистонда бузилди
Ўзбекистонда Россия авиакомпанияларига тегишли икки самолёт билан фавқулодда ҳодисалар содир бўлди.
Utair авиакомпаниясининг Самарқанд—Москва йўналишидаги рейси двигателдаги техник носозлик — помпаж сабабли ортга қайтган. Учувчилар парвоз давомида двигател қувватини оширишга бесамар уриниб кўришган, сўнгра кутиш ҳудудида бир нечта айланма парвозни амалга оширгач, самолёт Самарқанд аэропортига хавфсиз қўндирилган.
Фарғона аэропортида эса S7 Airlines’нинг Boeing 737-800 самолёти учиш-қўниш йўлагида қолиб кетган. Қўнишдан кейин ҳаракатланаётганда самолётнинг ўнг асосий шасси ғилдираги чиқиб кетган. Экипаж зудлик билан самолётни тўхтатган ва муҳандисларни чақирган.
Йўловчилар эвакуация қилиниб, юклари билан бирга терминалга етказилган. Ҳозирда самолёт парвоздан четлатилган ва техник кўрикдан ўтказилмоқда.
Мавзуга оид

21:38 / 12.03.2025
12 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:01 / 11.03.2025
11 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

00:19 / 08.03.2025
7 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

20:30 / 06.03.2025