Жаҳон | 11:23 / 11.03.2025
5556
3 дақиқада ўқилади

Филиппин собиқ президенти Родриго Дутерте ҳибсга олинди

Дутерте ўтган йил октябрида сенаторларнинг наркотик моддалар савдосига қарши кураши ҳақидаги саволларига жавоб берганди.

Фото: Getty Images

Филиппиннинг собиқ президенти Родриго Дутерте Манила халқаро аэропортига қўнганидан сўнг Халқаро жиноий суд буйруғи билан полиция томонидан ҳибсга олинди.

«Эрта тонгда Манила Интерполи ХЖСдан ҳибсга олиш тўғрисидаги буйруқнинг расмий нусхасини олди. Айни пайтда у [Дутерте] ҳибсда», – дейилади AFP агентлиги иқтибос келтирган президент девони баёнотида.

Суд Дутерте президентлиги давридаги гиёҳванд моддалар савдосига қарши амалиётлар билан боғлиқ эҳтимолий жиноятлар юзасидан тергов ўтказмоқда.

У бир неча бор гиёҳванд моддалар сотувчиларни жисмоний жазолашга чақирган ва ўзи гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи уч кишини ўлдирганини айтган. Мамлакатда у гиёҳванд моддалар савдосига қарши эълон қилган урушда, жумладан, суддан ташқари қатллар натижасида минглаб одамлар ҳалок бўлгани тахмин қилинади.

AFP Халқаро жиноий судга таяниб ёзишича, айни вақтда 79 ёшда бўлган собиқ президент инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳисоб-китобларига кўра, ўн минглаб киши, жумладан, гиёҳванд моддаларга алоқаси исботланмаган одамлар ҳам ҳалок бўлган қатағонлар туфайли инсониятга қарши жиноятларда гумон қилинмоқда.

Собиқ президент қисқа муддатли ташрифдан кейин Ҳонгконгдан Cathay Pacific самолётида Манилага учиб келган. Аввалроқ Дутерте суд олдида жавоб беришга тайёрлигини айтганди.

Дутертенинг собиқ адвокатлари ҳибсга олишни ноқонуний деб атади, деб ёзади Reuters.

Полициячилар собиқ президент қайтишига тайёр эди – аэропортлар ва бошқа транспорт тугунларига минглаб ходимлар юборилганди.

Филиппин 2019 йилда Дутертенинг буйруғи билан ХЖСдан чиқиб кетган, бироқ суд унгача содир этилган жиноятлар, жумладан, Дутерте мэр бўлган Давао шаҳридаги қотилликлар устидан юрисдикцияга эга эканини маълум қилган.

Расмий тергов 2021 йил сентябр ойида бошланган, бироқ Филиппин ҳукумати гиёҳванд моддаларга қарши операциялар бўйича юзлаб ишларни қайта кўриб чиқаётганини билдирганидан кейин тўхтатилган.

Ишни кўриб чиқиш 2023 йил июл ойида беш нафар судядан иборат ҳайъат Филиппин расмийларининг судда бунга юрисдикция йўқлиги ҳақидаги эътирозини рад этганидан кейин қайта тикланганди.

Мавзуга оид