Спорт | 13:53 / 10.03.2025
11586
18 дақиқада ўқилади

«Реал» «Барса»га етиб олди, «Рома»да ғалабали серия. Кун ўйинлари

Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: Палмер энди идеал эмас

«Челси» — «Лестер» 1:0
Гол:
Кукуреля (60). 
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Палмер (22). 
«Челси» — Санчес, Фофана (Чалоба, 73), Адарабиойо, Колуилл, Кукуреля, Кайседо, Фернандес, Нету, Палмер (Жорж, 77), Санчо, Нкунку (Ачимпонг, 89). 
«Лестер» — Ҳермансен, Жастин (Перейра, 84), Фас, Коуди, Кристиансен (Рид, 83), Ал Ҳаннус (Буонанотте, 78), Ндиди, Сумаре (Уинкс, 66), Томас, Варди, Дака (Мавидиди, 84).

Ҳар қандай иш қачондир илк бор содир бўлади. Баъзида ҳаммаси шунчалик мос келадики, ашаддий скептиклар ҳам рақамлар сеҳрига ишониб юбориши мумкин. «Челси» юлдузи Палмер якшанба оқшомигача АПЛда аниқ ижро этилган пеналтилар бўйича энг яхши серияни қайд этиб турганди. Ушбу ҳавбек қаторасига 12 уринишдан бенуқсон фойдаланганди, аммо 13-уринишда хато қилиб, Ҳермансенга дуэлни бой берди. Натижада кўклар жамоаси бу оқшом ўз сафидан бошқа қаҳрамонни излашига тўғри келди ва бу Кукуреля бўлиб чиқди. Испаниялик ҳимоячи ўйиннинг бир соати ортда қолаётганида рақиб жарима майдони яқинида тўпни қабул қилиб олиб, узоқ бурчакка ерлатиб идеал зарба йўллади ва «Челси»ни кучли тўртликка олиб чиқди, лондонликлар «Манчестер Сити»ни қувиб ўтди.

«Манчестер Юнайтед» — «Арсенал» 1:1
Голлар:
Фернандеш (45+2) — Райс (74). 
«Манчестер Юнайтед» — Онана, Мазрауи, Де Лигт, Линделёф, Йоро (Ҳевен, 46), Далот, Каземиро, Эриксен (Коллиер, 76), Фернандеш, Гарначо, Зиркзе (Ҳойлунд, 76). 
«Арсенал» — Райя, Салиба, Габриэл, Тимбер, Калафиори (Люис-Скелли, 59), Райс, Парти (Тирни, 76), Мерино, Эдегор, Троссар, Нванери (Мартинелли, 59). 
Огоҳлантириш: Троссар (45+1).

АПЛда «МЮ»нинг «Арсенал»га қарши ўйини доимо турнинг марказий ўйини, шунингдек, инглиз футболи классикаси. Мезбонлар инқироз ҳолатида эканига қарамай, бу мавсумда кучли рақибларга қарши бутунлай бошқача ўйнамоқда, бу сафар ҳам истисно қилинмади.

Ўйиннинг дастлабки қисми манкунианлар учун осон кечмади. «Арсенал» ташаббусни қўлига олди ва «МЮ»ни жарима майдонига қамаб қўя бошлади ва марказий ҳужумчи Зиркзее ҳам ўз жамоаси жарима майдони ичида ҳам ҳимояланишга мажбур бўлди.

Фақат меҳмонларнинг ҳужумлари самарасиз якунланди, узоқ масофадан берилган зарбалар хавфсиз чиқди, «Арсенал»нинг бурчак зарбалари эса умуман ишламаяпти. Жамоа ҳужум чизиғидаги жароҳатлар билинмоқда ва биринчи бўлим давомида камералар бир неча марта эндигина жароҳатдан тузалган Мартинеллига қаратилди. Бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса мезбонлардаги илк хавфли вазият гол билан якунланди.

Гарначо жарима зарбаси ишлади, Бруно дарвозани аниқ нишонга олди. Тўп тўққизликка боргани йўқ, бироқ Райя барибир унга етиб боролмади. У жонли девордагиларга ишониб, нариги бурчакка жуда яқин туриб олди ва жуда кеч реакция кўрсатди. Трансляцияда ҳакам жонли деворни тўп турган нуқтадан 11,2 ярд масофага ўрнатгани акс этган график кўрсатилди, қоидага кўра масофа 10 ярд (9,15 метр) бўлиши керак эди. 

Танаффусда «МЮ» мажбурий ўзгариш қилди. 19 ёшли Йоро жароҳат туфайли иккинчи бўлимга қайтмади, унинг ўрнига ҳимоя марказида 18 ёшли Ҳевен пайдо бўлди. Бундай вазиятда «Арсенал»да гол уриш учун имконият ортадигандек туюлганди, аммо «МЮ» иккинчи бўлимда ҳужумкорликни оширди ва кетма-кет вазиятларга эга бўлди. Аввалига Мазравий тахминан етти метр масофадан, кейин эса Зиркзе дарвозабон ҳудудидан зарба берди. Ҳар икки ҳолатда ҳам Райя айбини ювиб, жамоасини голлардан сақлаб қолди.

«Арсенал» қийин дақиқалардан ўтиб олди ва иккинчи бўлим ўрталарида ҳисоби тенглаштирди. Тимбер ўнг қанотдан рейд уюштириб, Райсни тўп билан таъминлади. Англиялик яримҳимоячи эса жарима майдонига кириш қисмидан кучли зарба йўллаб, Онанага имконият қолдирмади.

Охирги дақиқалар ҳам шиддатли кечди. Жароҳат туфайли икки ой ўйнай олмаган Мартинелли майдонга тушиши меҳмонлар ўйинини жонлантирди, лекин бразилиялик вингер яккама-якка вазиятдан гол ура олмади. Шундан сўнг Ҳойлунд камида иккита қулай имкониятни кўкка совурди. Иккинчи вазиятда даниялик ҳужумчи зарба беришни кечиктириб юборди ва Райс тўпни унинг оёқлари орасидан олиб қўйди.

90+3-дақиқада эса Райя яна ўзини кўрсатиб, бир ҳужумда иккита сейв амалга оширди ва жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

1:1 ҳисобидаги дурангдан кейин «Арсенал»да «Ливерпул»ни қувиб етиш имкониятини нолга яқинлашишда давом этди — энди орадаги фарқ 15 очкони ташкил этмоқда (битта захира ўйини бор). «МЮ» эса ҳеч бўлмаганда турнир жадвалининг биринчи ярмига қайтишга уринмоқда.

Испания: «Атлетико»ни ўз қуроли билан уришди

«Хетафе» — «Атлетико» 2:1
Голлар:
Арамбарри (88, 90+2) — Сёрлот (75, пеналти). 
«Хетафе» — Сориа, Жене, Дуарте, Алдерете, Рико, Террац, Миля (Хуанми, 88), Арамбарри, Гомес (Бернат, 68), Уче, Родригес (Майорал, 62). 
«Атлетико» — Облак, Молина (Лемар, 58), Ле Норман, Лангле, Галан, Симеоне, Лоренте, Де Паул (Барриос, 46), Лино (Корреа, 46), Гризманн (Галлаҳер, 68), Алварес (Сёрлот, 58). 
Огоҳлантиришлар: Алдерете (40), Дуарте (40), Ле Норман (40), Родригес (57), Рико (74), Жене (74), Сёрлот (90+8), Хуанми (90+11). 
Четлатиш: Корреа (88).

«Хетафе» энг юлдузли ҳужум чизиғига ҳам ўйин бермаслиги мумкин. «Реал» ва «Барселона» футболчилари буни ўз таналарида ҳис қилишган. Аммо Хосе Бордалас жамоасини Супермен билан таққосласак, унинг ўз криптонити бор. Унинг номи — «Атлетико». «Матрасчилар» ла лигада ушбу жамоага қарши 24 та мағлубиятсиз ўйин (+20=4) ўтказган, барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда эса бундай серия 27 ўйинга етади — бу Симеоне жамоасининг бир рақибга қарши рекорд сериялари. Бироқ якшанба куни «Хетафе» мухлислари ўн тўрт йил давомида кўрмаган воқеа содир бўлди ва Бордалас ўн бешинчи уринишда — учта дуранг ва ўн битта мағлубиятдан сўнг — биринчи марта Диего Симеонени мағлуб этди. Устига-устак, аргентиналик мутахассиснинг ўзига хос услубида!

Ўйиннинг 75 дақиқасигача мухлислар Испания чемпионатига хос зерикарли ўйинни томоша қилишди. Кейин эса ҳақиқий драма рўй берди. Мезбонлар дарвозасига пеналти қўйилиши зерикарли ўйинни турнинг энг ҳиссиётли ўйинига айлантирди. Аввалига VAR дарвозабон Сориянинг Ле Норман билан тўқнашув пайтидаги эҳтимолий қоидабузарлигини ўрганаётгандек туюлганди. Кейин эса бу тўқнашувнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқлиги, чунки дарвоза томон учиб келаётган тўп Алдеретанинг қўлига теккани маълум бўлди. «Хетафе» учун аламли ва ачинарли бўлган 11 метрли жарима зарбасини Европада мавсумнинг энг яхши жокери амалга оширди — Серлот захирадан тушган ўйинларида еттинчи голини урди.

Одатда бундай ўйинларда «Атлетико» уч очкони қўлдан чиқармайди, аммо яна VAR барчасини 180 даражага ўзгартириб юборди, асосий вақт якунланишига икки дақиқа қолганида мониторга яқинлашган арбитр Корреани майдондан четлатди. Аргентиналик вингер тўпга интилиб, бутсасининг остки қисми билан рақибнинг оёғига зарба берганди, бу очиқчасига қўполлик бўлиб кўринмаган бўлса-да, ҳакам ўйин тақдирини ўзгартириб юборадиган қарорни қабул қилишди. Меҳмонлар майдонда нималар бўлаётганини англашга улгурмасдан Арамбарри ҳисобни тенглаштирди. Қўшимча дақиқаларда эса айнан у Риконинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси йўналишини ўзгартирди. 29 ёшли уругвайлик ақлбовар қилмас мавсум ўтказмоқда — у бунгача Испания чемпионатидаги етти йилда жами 6 гол урганди, жорий мавсум тугамасидан эса саккиз гол уришга улгурди. Таянч яримҳимоячиси учун бу ҳақиқий аномалия. «Атлетико» учун — аламли якун, жамоа бу турдаги ўйини қолдирилган «Барселона»ни қувиб ўтиб, биринчи ўринга кўтарилиш имкониятидан фойдалана олмади.

«Реал» — «Райо Валекано» 2:1
Голлар
: Мбаппе (30), Винисиус (34) — Диас (45+2). 
«Реал» — Лунин, Васкес, Асенсио, Алаба, Гарсия, Модрич, Чуамени, Родриго (Валверде, 68), Беллингҳэм (Диас, 86), Винисиус, Мбаппе (Камавинга, 79). 
«Райо Валекано» — Баталя, Рациу, Лежен, Эрнандес, Пача (Гвардиола,  84), Диас (Баллиу, 70), Сисс (Лопес, 85), Эмбарба (Валентин, 70), Гумбау (Трехо, 70), Чаваррия, Гарсия.
Огоҳлантиришлар: Гумбау (63), Винисиус (79), Чуамени (85), Модрич (90+3).

«Реал» ҳам бу турда статистик жиҳатдан қулай рақиб билан тўқнаш келди, мадридликлар бу рақибга қарши «Сантяго Бернабеу»да қаторасига ўн беш ўйинда ютқазмаган. Қаймоқранглиларга ҳам осон бўлмади, аммо «Атлетико»дан фарқли ўлароқ, Карло Анчелотти жамоаси керакли натижага эришди. Ҳолбуки жамоа ўз уйида жуда ёмон статистика қайд этиб, умумий зарбалар сони бўйича ҳам (10-20), дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар сони бўйича ҳам (5-6) ва тўп назорати бўйича ҳам (46 га 54) ортда қолганди. Аммо меҳмонлар ўз имкониятларидан фақат битта гол уришди, Педро Диас биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда йўллаган кучли зарбадан кейин тўп аввал тўсинга борди, кейин эса дарвоза чизиғини кесиб ўтиб, яна ташқарига қайтиб чиқди, гол VAR орқали инобатга олинди.

Лекин бунгача «Қироллик клуби» ҳужум чизиғи юлдузлари бир мартадан ўз номини таблога ёздириб қўйишганди. Мбаппе қанотда Винисиус Жуниордан пас қабул қилиб олиб, катта тезликда жарима майдонига кириб борди ва ҳимоячини ортда қолдириб, тўпни олис бурчакка аниқ йўллади. Бир неча дақиқа ўтиб эса бразилиялик вингернинг ўзи шу қанотда рақибларни ёш болаларча доғда қолдирди. У аввалига тўпни жарима майдонига олиб кириб, кейин яна қанотга олиб кетди, кейин яна икки ҳимоячи орасидан ўтиб жарима майдонига кирди ва финти билан ҳимоячининг бошини айлантириб ташлаб, тўпни бурчакка йўналтирди. Иккинчи бўлимда «Реал» ғалабали ҳисобни ушлаб қолди ва очколар сони бўйича «Барселона»га етиб олди. Кейинги турда эса «Атлетико» ва «Барса»нинг ўзаро ўйини натижасига кўра яққол пешқадамга айланиб олиши ҳам мумкин.

Италия: «Наполи» «Интер»ни узоқлаштирмаяпти

«Наполи» — «Фиорентина» 2:1
Голлар:
Лукаку (26), Распадори (60) — Гудмундссон (66) 
«Наполи» — Мерет, Ди Лоренцо, Рраҳмани, Буонжорно, Политано (Оливера 82), Лоботка, Гилмор, Мактоминей (Биллинг 86), Спинаццола (Жезус 90+1), Лукаку, Распадори (Симеоне 87) «Фиорентина» — Де Хеа, Комуццо (Морено 74), Мари, Раниери (Понграчич 59), Додо, Каталди (Белтран 82), Фажоли, Ндур, Паризи (Гозенс 58), Гудмундссон, Кен
Огоҳлантиришлар: Буонжорно (48), Гудмундссон (64), Понграчич (88).

Беш турдан бери ғалаба қозона олмаётган «Наполи» (=4-1) 25-январдан бери илк ғалабасини қўлга киритди ва «Интер»нинг олдинга чиқиб кетишига йўл қўймади. Неаполликлар скудетто учун курашда давом этмоқда ва амалдаги чемпиондан атиги 1 очко ортда қолмоқда. Антонио Контенинг бахтига Лукаку ўз вақтида уйғонди ва мавсумдаги ўнинчи голини урди, у ўн иккинчи марта кучли бешлик лигаларида икки хонали кўрсаткичга эришмоқда. Бу биринчи бўлим ўрталарида марказга силжиган Мактоминай узоқ масофадан йўллаган зарбадан кейин Де Хеа тўпни белгиялик форварднинг оёғига ташлаб беришидан кейин рўй берди. Иккинчи бўлимда эса Лукаку ўз услубида тўпни гавдаси билан тўсган ҳолда жарима майдонига голли узатма амалга оширди. «Фиорентина» тезда Мойзе Кин ва Гудмундссоннинг комбинацияси билан ҳисобни қисқартирди, аммо меҳмонларнинг бундан ортиғига кучи етмади.

«Эмполи» — «Рома» 0:1
Гол:
Соуле (1). 
«Эмполи» — Силвестри, Гогличидзе (Кампаниелло, 87), Мариануччи, Де Шилио (Самбия, 46), Гяси, Грасси, Ҳендерсон (Коваленко, 67), Песселя, Эспозито (Конате, 67), Какаче, Коломбо (Куаме, 46). 
«Рома» — Свилар, Нелссон, Ҳуммелс, Ндика, Абдулҳамид (Ренч, 65), Коне, Паредес (Кристанте, 65), Салоҳ-Эддин (Анхелино, 65), Соуле (Балданзи, 81), Пеллегрини, Шомуродов (Довбик, 72). 

Мавсумнинг биринчи қисмида икки бош мураббийни ишдан бўшатган «Рома» турнир жадвалининг иккинчи қисмидан чиқа олмай қолганди, кейин эса Клаудио Раниери келди ва барчасини жой-жойига қўя бошлади. 73 ёшли мутахассис қадрдон жамоаси чорловидан кейин пенсияга чиқиш ҳақида унутди, уни «бўрилар» ўн иккинчи ўринга михлангани ҳам, ўн икки турда атиги ўн уч очко жамғарилгани ҳам тўхтата олмади. Ноябрдан буён Раниери бошқарувида римликлар 33 очко жамғаришди.

Айнан ушбу мутахассис даврида ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов ҳам асосий таркибга қайтди ва жамоаси ғалабаларига ҳисса қўшиб келмоқда. Якшанба куни «Эмполи»га қарши ўйинда Шомуродов бошлаб берган ҳужумда Соуленинг 22-сониядаёқ урган голи ғалаба учун етарли бўлди. Opta компанияси А серия статистикасини юритишни бошлаганидан бери (2004/05 йиллар мавсуми) бу «Рома»нинг энг тезкор голи бўлди. Бундан олдинги рекорд 30-сонияда ҳисобни очган Франческо Тоттига тегишли эди.

Қаторасига беш ғалабадан кейин (12 мағлубиятсиз серия) жамоа еврокубокларга йўлланма берувчи олтинчи ўрин билан орадаги фарқни тўрт очкога қисқартирган, «Фиорентина» ва «Милан» эса ортда қолдирилган.

«Ювентус» — «Аталанта» 0:4
Голлар:
Ретеги (29, пеналти), Де Рон (46), Дзаппакоста (66), Лукман (77). 
«Ювентус» — Ди Грегорио, Веа (Коста, 53), Гатти (Калулу, 54), Келли, Камбиязо, Тюрам, Локателли, Йилдиз (Копмейнерс, 46), Маккенни, Гонсалес (Мбангула, 53), Коло-Муани (Влаҳович, 75). 
«Аталанта«» — Карнезекки, Жимсити, Ҳин, Колашинац (Толой, 84), Белланова, Де Рон, Эдерсон (Пашалич, 80), Заппакоста, Куадрадо (Брешианини, 46), Ретеги (де Кетеларе, 61), Лукман (Самаржич, 80). 
Огоҳлантиришлар: Ҳин (41), Йилдиз (44).

«Интер» (1:0) устидан ғалабани ҳам ўз ичига олувчи беш ўйинлик серия «Ювентус»нинг «Аталанта»га қарши ўйини олдидан кутилмаларни ҳаддан ташқари ошириб юборганди. Биринчи бўлимда туринликлар муносиб ўйин кўрсатишди, аммо жуда аламли гол ўтказиб юборишди. Тўп жарима майдони ичида қўлга тегиши (Маккеннининг омади келмади) - доим аламли. Шундан кейин мезбонлар ташаббусни тўлиқ бой беришди ва танаффусгача яна бир неча гол ўтказиб юбориши мумкин эди. Фақат дарвоза устунлари ёки тўсини ва Ди Грегорионинг сейвлари жамоани ўйинда сақлаб турди.

Фақат танаффусда Тиагу Мотта жамоасини ўзига келтира олмади ва «Аталанта» тезкорлик билан устунликни икки баробарга оширди. Дарвозабоннинг навбатдаги сейвидан сўнг де Рон дарвозани ишғол қилди. Дзаппакоста ҳам ўз номини 
таблога ёздириб қўйгач, ўйинда интрига қолмади. Кейин эса Лукман ҳисобни шармандали кўринишга келтирди. «Юве» 1967 йил 22 октябрда «Торино» билан дербидан бери ўз уйида тўртта тўп фарқи билан мағлуб бўлмаганди. Энди душанба куни «Лацио» «Удинезе» устидан ғалаба қозонса, «кекса синиоралар» кучли тўртликни тарк этиши мумкин.

Германия: «Айнтрахт» тўхтамоқда

«Айнтрахт» — «Унион» Берлин 1:2
Голлар: 
Батшуайи 13 – Кверфелд 62, Чжон Ву Ен 78
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Экитик 90+5
«Айнтрахт» — Трапп, Браун, Тута, Коллинз, Кристенсен, Хейлунд, Ларссон (Дина-Эбимбе, 79), Шаиби (Ваи, 71), Узун (Кнауфф, 79), Баойя (Гетце, 60), Батшуайи (Экитик, 60)
«Унион» Берлин — Реннов, Диогу Лейте, Кверфелд, Дуки, Юранович, Тузар (Шефер, 55), Ҳедира, Ҳаберер (Чжон Ву Ен, 71), Триммел (Роте, 71), Илич (Любичич, 84), Скарке (Ҳоллербаҳ, 55), 

Бир кун олдин учинчи ўриндан айрилган «Айнтрахт» тренддан қолишмасликка қарор қилгандек эди. Шанба куни Чемпионлар Лигасининг барча иштирокчилари («Бавария», «Байер» ва «Боруссия» Дортмунд) ўз ўйинларида ютқазганди, бир кун ўтиб эса уларни Германиянинг Европа Лигасидаги сўнгги вакили «қўллаб-қувватлади». Ҳатто Батшуайининг Бундеслигадаги биринчи гол ҳам ёрдам бермади, чунки «бургутлар»нинг қишда сотиб олинган янги футболчисининг голига берлинликлар танаффусдан кейин иккита гол билан жавоб беришди. Франкфуртликлар бундеслигада кетма-кет учинчи марта мағлуб бўлишди: яқиндагина учинчи ўринни эгаллаб турган жамоа мўъжиза туфайли кучли тўртликда қолмоқда. Бунга бир кун аввал икки рақобатчи - «Фрайбург» ва «Лейпциг» ўзаро ўйинни голсиз дуранг билан якунлагани ёрдам берди.

Мавзуга оид