Ўзбекистон | 11:55 / 04.03.2025
11781
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда инфляция тезлашди. Бир ой ичида авиачипталар 22 фоизга қимматлашган

Феврал ойида Ўзбекистонда инфляция 0,54 фоизни ташкил этди, бу ўтган йилнинг феврал ойига нисбатан юқорироқ. Йиллик инфляция 10,13 фоизга етди. Расмий статистика ўтган ойда авиачипталар нархи 22,4 фоизга (йиллик 23,2 фоиз) ошганини қайд этди. Охирги бир йилда гўшт 18,5 фоизга, картошка 47 фоизга, дори-дармонлар 26 фоизга қимматлашган.

2025 йилнинг феврал ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси 0,54 фоизни ташкил этди.

Статистика агентлигига кўра, бу 2024 йил ва 2022 йил январ ойидаги кўрсаткичидан (мос равишда 0,32 ва 0,51 фоиз) юқори ҳисобланади, лекин 2021 йил январидаги инфляция даражасидан (0,64 фоиз) паст. 2023 йилда ҳам мос ойдаги инфляция даражаси 0,54 фоизни ташкил этган.

Йиллик инфляция (ўтган йилнинг феврал ойига нисбатан) 10,13 фоизгача тезлашди (олдинги ой 9,89 фоиз эди).

Йилнинг иккинчи ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 0,6 фоизга (йиллик ҳисобда 2,9 фоизга), ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,3 фоизга (7,7 фоиз), хизматлар нархи 0,8 фоизга (27,1 фоиз) ошди.

Февралда озиқ-овқат маҳсулотларидан асосан суякли мол гўшти (2,8 фоиз, йиллик ҳисобда 18,5 фоиз), қўй гўшти (2,4 фоиз, 19,4 фоиз), сут (0,4 фоиз, 6 фоиз), товуқнинг сон қисми (0,2 фоиз, -1,2 фоиз) нархи ошди.

Ўтган ойда тухум нархи яна кескин — 12 фоизга пасайди (январда унинг нархи 14,3 фоизга, йиллик ҳисобда 30,4 фоизга пасайган), гуруч ва гуруч оқшоғи 3,9 фоизга (йиллик ҳисобда 10,4 фоизга), шакар 1 фоизга (-4,4 фоиз) арзонлади.

Январ ойидаги нарх ошиши ва феврал ойида ҳукумат томонидан кўрилган чоралардан кейин картошка нархи 13,4 фоизга арзонлади, бироқ йиллик нарх ўсиши юқорилигича қолмоқда (+46,8 фоиз).

Ўтган ойда дори-дармонлар нархи феврал ойида яна 0,8 фоизга, йил давомида эса 25,9 фоизга, жумладан антибиотиклар нархи 27,9 фоизга ошди. Стационар даволаниш хизматлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,6 фоизга, профилактика ва ҳимоя воситалари нархи 21,6 фоизга қимматлади.

Февралда электр энергияси ва газ нархлари ўзгаришсиз қолди, бироқ йиллик ҳисобда улар учун тарифлар ўртача 1,7 ва 2,3 баробарга ошди.

Ўтган ойда пропан нархи 4,3 фоизга (йиллик ҳисобда 11,3 фоиз), бензин нархи 0,2 фоизга (2,9 фоиз) ошди. Метан нархи эса ўзгармаган.

Шунингдек, февралда поездлардаги чипта нархи 4,5 фоизга (йил давомида 18,6 фоиз), таксилар нархи 0,9 фоизга (12,1 фоиз), авиачипталар баҳоси эса 22,4 фоизга (23,2 фоиз) қимматлашгани қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, 1 февралдан "Афросиёб" поездининг VIP ва бизнес тоифадаги чипталари 25 фоизга, эконом тоифасидаги чипталари эса 20 фоизга, "Шарқ", "Насаф" ва "Ўзбекистон" поездлари чипталари эса 30 фоизга қимматлашганди.

Мавзуга оид