Ўзбекистон | 20:34 / 28.02.2025
2501
5 дақиқада ўқилади

28 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Рамазон ойининг бошланиши, Сирдарёдаги тайинловлар, сўнгги икки йилда ёмонлашган бизнес муҳити ва болалар калтакланган боғчада ишлар «ёпди-ёпди» қилинаётгани — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Рамазон ойи 1 мартдан бошланади

Ўзбекистонда 2025 йилда муборак Рамазон ойи 1 мартдан бошланади. Президент фармонига кўра, ой ичида миллий қадрият ва анъаналарга мувофиқ тадбирлар ўтказилади.

Президент фармонига кўра, «Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи» ғояси асосида эҳтиёжмандлар ва илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш, оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш муҳитини кучайтириш ва ҳурмат-меҳр анъаналарини тарғиб этиш каби вазифалар белгиланди.

Шунингдек, атроф-муҳитни асраш, муқаддас қадамжо ва қабристонларни ободонлаштириш, кўчат экиш ҳамда исрофгарчиликка йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратилади.

Рамазон ойида ўқиладиган таровиҳ намозлари туфайли Тошкент шаҳридаги бир неча кўчалар ой давомида тунги вақтларда вақтинча ёпилиши ҳам эълон қилинди.

Сирдарёдаги тайинловлар

Бугун Сирдарё вилоятида бир қатор тайинловлар амалга оширилди.

Сирдарё вилояти ҳокими в.б. Эркинжон Турдимовнинг тегишли қарори билан Фахриддин Қўшоқов вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Мирзаобод тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Ориф Раҳмонқулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Абдураҳим Абдулҳамидович Умаров номзоди депутатлар томонидан Мирзаобод тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Гулистон туманида ҳам ҳоким алмашди. Шу кунга қадар туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Олимжон Ўрозалиевич Жўраев номзоди туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Сирдарё туманига ҳам янги раҳбар тайинланди. Шу кунга қадар Сирдарё вилояти ёшлар ишлари агентлиги бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Азизбек Маҳамматқул ўғли Турдимуродов номзоди депутатлар томонидан туман ҳокими лавозимига тасдиқланди.

Оқолтин туманига эса шу кунга қадар туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Ҳусниддин Яхшиликович Сувонов номзоди туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Бизнес муҳити сўнгги икки йилда ёмонлашди

Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда корхоналар сони 25 фоизга камайди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2025 йил 1 феврал ҳолатига фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сони 431,5 мингтани ташкил этган, бу эса икки йил олдинги кўрсаткичдан қарийб 25 фоизга кам.

Энг катта қисқариш саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кузатилган — бу йўналишларда корхоналар сони 40 фоизгача камайган.

Шу билан бирга, янги ташкил этилган корхоналар сони ҳам пасаймоқда: 2021 йилда 103 минг янги корхона очилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 80 мингга тушиб кетди.

Марказий банк ҳисоботига кўра, тадбиркорлар бизнес муҳитининг ёмонлашганини қайд этмоқда. Ишлаб чиқариш корхоналарининг қувватларидан фойдаланиш даражаси пасайиб, тадбиркорлар асосий муаммо сифатида электр ва газ таъминотидаги узилишлар, солиқ қийинчиликлари ва ёқилғи нархининг ошишини кўрсатмоқда.

Тошкентда болалар калтакланган боғча раҳбари амалдорнинг қариндошими?

Тошкентдаги «Танзиландия» хусусий боғчасида болалар мунтазам равишда калтаклангани маълум бўлди. Ҳолат ота-оналардан бири фарзандининг ўйинчоғига овоз ёзувчи мослама ўрнатганидан сўнг аниқланган.

Йиғилган далилларга қарамай, ота-оналар иш босди-босди қилинмоқда, деган хавотир билдиришмоқда. Боғча эгалари юқори лавозимли амалдорлардан бирининг қариндоши экани ҳақида даъволар бор.

Ҳозирда мазкур иш юзасидан терговга қадар текширув давом этмоқда. Болаларга етказилган зарарни аниқлаш учун тиббий экспертиза тайинланган.

Шунга қарамай, жабрланган болаларнинг ота-оналари ишлар «ёпиб қўйилаётгани» ҳақида шикоят қилмоқда.

Баҳорда 300 мингта дарахт экилади

Ўзбекистонда 2025 йил баҳорида 121 та шаҳар ва туманларда «Ёшлар яшил боғлари» ташкил этилиб, 300 минг дона дарахт кўчатлари экилади.

Нурафшон шаҳрида «Маҳалла ёшларининг маънавият боғи» барпо этилди. У ерда 8,5 гектар майдонга павлония, оқтерак, мажнунтол ва бошқа манзарали дарахтлар экилди. Ушбу ташаббус «Яшил макон» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Жорий йилда ўтказиладиган кўчат экиш тадбирларида 50 мингга яқин ёшлар, экофаоллар, блогерлар, санъаткорлар ва спортчилар қатнашиши кутилмоқда.

Мавзуга оид