Иқтисодиёт | 16:26 / 27.02.2025
2615
2 дақиқада ўқилади

Россия бензин экспортига қўйилган тақиқни ёз охиригача узайтирди

Россия ҳукумати бензин экспортига 1 мартдан 31 августгача тақиқ қўйди. Амалдаги тақиқ 28 февралда тугаши керак эди.

Фото: Александр Рюмин / ТАСС

Россия ҳукумати 1 мартдан 31 августгача автомобил бензини экспортини тақиқлади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори имзоланди, дея хабар бермоқда Медуза нашри.

Чекловлар тўғридан тўғри нефт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан амалга ошириладиган етказиб бериш, халқаро ҳукуматлараро келишувлар ва халқаро гуманитар ёрдам кўрсатиш учун экспорт қилинадиган ёнилғига таъсир қилмайди. 

Қарор ички ёқилғи бозоридаги барқарор вазиятни сақлаб қолиш, нефтни қайта ишлаш иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш ва автобензиннинг “кулранг” экспортига қарши курашиш учун қабул қилинган.

Бензин экспортини тақиқлаш 2024 йилнинг февралида жорий қилинганди. Дастлаб у 1 мартдан 31 августгача амалда бўлиши керак эди. Бироқ май ойида ички бозорнинг тўйингани ва Украина учувчисиз учоқлари ҳужумидан зарар кўрган нефтни қайта ишлаш заводларида режадан ташқари таъмирлаш ишлари якунлангани сабабли чекловлар муддатидан олдин бекор қилинди. Сентябр ойида бензин экспорти яна тақиқланди. Амалдаги чекловлар 28 февралда тугаши керак эди.

Украина учувчисиз учоқлари мунтазам равишда Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига зарба бериб, фаолиятини тўхтатишга мажбур қилади. Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак феврал ойи ўрталарида бир қатор нефтни қайта ишлаш заводларида ҳужумлар ва кейинчалик режадан ташқари таъмирлаш ишларига қарамай, Россияда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш барқарорлигича қолаётганини айтди.

Мавзуга оид