Фан-техника | 14:06 / 27.02.2025
2813
2 дақиқада ўқилади

NASA миссияси доирасида Ойга қўниш модули учирилди

Athena модули Ойга Falcon 9 ракетаси бортида учирилган бўлиб, у Ой юзасига бўлажак миссияларга тайёргарлик кўриш учун илмий тадқиқотлар ва технологияларни синовдан ўтказади.

Фото: SpaceX

Американинг Intuitive Machines хусусий компанияси АҚШ Миллий Аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA)нинг IM-2 деб номланган миссияси доирасида Ойга Nova-C — Athena («Афина») қўниш аппаратини жўнатди. 26 феврал, чоршанба куни кечқурун (маҳаллий вақт билан) Флорида штатидаги Канаверал буруни космодромидан модул бўлган, Доналд Трамп иттифоқчиси Илон Маскка тегишли SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракетаси ҳавога кўтарилди.

Athena 6 март куни Ойнинг жанубий қутбига яқин жойлашган Монс Мутон платосига қўниши кутилмоқда. Модул инсоннинг Ой юзасига бўлажак миссияларига тайёргарлик кўриш учун илмий тадқиқотлар ва технологияларни синовдан ўтказади.

NASA миссияси Commercial Lunar Payload Services (CLPS)Ойга юкларни тижорий етказиб бериш дастурининг бир қисми бўлиб, ўн кун давом этиши кутилмоқда.

Athena модулини жиҳозлаш

Athena пилотсиз аппаратининг баландлиги 4,3 метр, диаметри эса 1,6 метрни ташкил қилади. У Ер йўлдошида хомашё ва сувни қидириш учун мўлжалланган. Коинот кемаси Ой юзасига бир метргача чуқурликкача кириб боришга қодир Trident бурғуси ва учувчи моддаларни аниқлай оладиган масса-спектрометр билан жиҳозланган. Бундан ташқари, қурилма ёнбағирлар, тош ва кратерлари билан мураккаб бўлган Ой релефини енгиб ўтишга қодир бўлган «сакровчи» Grace дронини олиб юради. Унинг вазифаси Ой юзасини батафсил суратга олиш ва кратерларни ўрганишдир. Athena шунингдек, иккита ровер билан жиҳозланган: Mapp ва кичик, икки ғилдиракли Yaoki. Модул бортида Nokia томонидан ишлаб чиқилган уяли алоқа таянч станцияси мавжуд.

IM-2 деб номланган миссия бир қатор компания ва ташкилотларни, жумладан, Германия аэрокосмик маркази (DLR)ни ўз ичига олади.

Мавзуга оид