Ўзбекистон | 22:45 / 26.02.2025
3650
6 дақиқада ўқилади

26 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Янги тайинланган туман ҳокимлари, Покистон билан имзоланган ҳужжатлар, болани стулга скотчлаган тарбиячи ва тезкор тадбирларда қўлга олинган ашёлар ва жиноятчилар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Тўрт ҳоким, бир ҳоким ўринбосари ва вазир тайинланди

Бугун Самарқанд вилоятининг учта туманида ҳоким алмашди. Жомбой тумани ҳокими этиб Хуршид Назаров тайинланди. У тайинловгача Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.

Нуробод туманига Мақсуд Эркинович Бўронов ҳоким этиб тайинланди. У шу пайтгача «Агробанк» акциядорлик тижорат банкининг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб кетаётганди.

Пахтачи туманига эса Қаюм Хушбақов ҳоким этиб тайинланди. Тайинловга қадар Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот-таҳлил гуруҳ раҳбари вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Муборак туманига ҳам янги ҳоким тайинланди. Шу пайтгача «Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиали директори лавозимида ишлаб келган Ғолиб Муродов туманнинг янги раҳбари бўлди.

Сирдарё вилоятида ҳам тайинлов амалга оширилди. Аброр Абдуазимович Хидиров Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Кеча республика миқёсида ҳам тайинлов амалга оширилди. Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев ишдан кетди. Унинг ўрнига Президент фармони билан МИБнинг собиқ директори, сўнгги вақтларда ҳарбий прокурор лавозимида ишлаб келган Ботир Қудратхўжаев тайинланди.

Покистон билан ҳамкорлик кучаймоқда

Ўзбекистон ва Покистон ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 млрд долларга етказишни мақсад қилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўналишларини муҳокама қилди. 2024 йилда ўзаро савдо ҳажми 400 млн доллардан ошди, қўшма корхоналар сони 130 тага етди.

Музокараларда савдо, транспорт, энергетика, саноат ва молиявий ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Имтиёзли савдо битими доирасида тариф ва божхона тартибларини соддалаштириш, электрон савдо платформаларини интеграция қилиш, банклараро ҳисоб-китоблар механизмларини такомиллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Трансафғон темирйўли лойиҳасини илгари суриш, транспорт-логистика соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди. Маданий-ҳуманитар алоқаларни ривожлантириш мақсадида Маданият ҳафталиклари ва туризм дастурларини ўтказиш режалаштирилди.

Шунингдек, халқаро хавфсизликка таҳдид солаётган терроризм, радикализм ва исломофобияга қарши ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини таъсис этиш ва унинг биринчи йиғилишини 2025 йилда ўтказишга келишиб олинди.

Тошкентда боғча тарбиячиси болани скотчлаб қўйди

Тошкентдаги хусусий боғчалардан бирида тарбиячи болани стулга скотчлаб қўйгани аниқланди. Юнусобод туманидаги First Daycare боғчасида 21 феврал куни тарбиячи С.А. ва унинг ёрдамчиси Х.М. болани овқат емагани учун жазолаган. Ҳодисадан сўнг боғча маъмурияти уларни ишдан бўшатди.

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси воқеани тасдиқлади. Ҳозирда туман прокуратураси суриштирув ишлари олиб бормоқда.

Бунга ўхшаш ҳолат аввал Сергели туманида ҳам содир бўлганди — боғча тарбиячиси боланинг оёғи синишига сабабчи бўлган, аммо аввалига буни боланинг ўзи йиқилиб тушгани билан изоҳлаган. Аммо кузатув камералари ёзувлари бошқача манзарани кўрсатган эди.

Cobalt — энг кўп ишлаб чиқарилган авто

Ўзбекистонда 2025 йил январ ойида энг кўп ишлаб чиқарилган автомобиль Cobalt бўлди — 5 660 дона (ўтган йилнинг январ ойига нисбатан 68 фоизга кўп).

Статистика агентлиги маълумотига кўра, бу даврда Damas (2765 дона), Kia (1978 дона), Onix (1462 дона), Tracker (1334 дона), BYD (802 дона), Chery (594 дона) ва Haval (373 дона) автомобиллари ҳам ишлаб чиқарилди.

Умумий ҳисобда махсус енгил автомобиллар сони 643 донани ташкил қилди.

Бироқ январ ойида енгил автомобил ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми камайгани қайд этилган.

Тезкор тадбирларда қуроллар, наркотик ва жиноятчилар қўлга олинди

Тошкентда «Хавфсиз ва соғлом пойтахт» ойлиги доирасида ўтказилган тезкор тадбирларда 1 та жанговар қурол ва 21 та пневматик қурол ноқонуний муомаладан олинди.

15 январдан 15 февралгача Тошкент шаҳар ИИББ, ДХХ, прокуратура ва Миллий гвардия ҳамкорлигида ўтказилган профилактик тадбирларда 801 та гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳолат аниқланди, 21 кг 818 гр гиёҳвандлик воситалари ва 28 790 та кучли таъсир қилувчи дорилар ноқонуний муомаладан чиқарилди.

Шунингдек, 488 та жиноят «иссиқ изидан» фош этилди, 160 нафар қидирувдаги шахслар ушланди, 45 нафар бедарак йўқолган фуқаро топилди.

Бир ой давомида йўл ҳаракати қоидаларига 102 минг 404 марта риоя этилмагани аниқланди. Маст ҳолда автомашина бошқариш — 366 та, қизил чироққа риоя қилмаслик бўйича 83 та ҳолат қайд этилди.

Мавзуга оид