Жаҳон | 17:02 / 25.02.2025
9400
2 дақиқада ўқилади

«Қотил» астероид энди Ер учун хавф туғдирмайди

Тарих давомида кузатилган энг хавфли объектнинг Ер билан тўқнашиш эҳтимоли кескин пасайиб кетди.

Фото: Alejandro Miranda/Alamy Stock Photo

NASA томонидан тузиладиган таҳдидлар жадвалида биринчи ўринни эгаллаган 2024 YR4 астероиди энди сайёрамиз учун расман хавфсиз деб эълон қилинди. Олимларнинг фикрича, унинг орбитасига аниқлик киритилгандан сўнг, 2032 йилда Ер билан тўқнашув эҳтимоли 1/20000 нисбатга тушиб қолди, бу «Торино шкаласи» бўйича нолга тўғри келади.

Астероид 2024 йил декабрида топилган ва дастлаб тўқнашув эҳтимоли 1/32 нисбатда берилган, бу унинг мақомини «Торино шкаласи» бўйича учинчи даражага кўтарган эди. Бу эса астероидни тарих давомида кузатилган энг хавфли объектга айлантирди. Бироқ, кейинги маълумотлар астрономларга унинг траекториясини қайта ҳисоблаш имконини берди.

2024 YR4 билан Ернинг тўқнашиш эҳтимоли энди «Торино шкаласи» бўйича ноль даражага тушди, яъни ҳеч қандай хавф йўқ.

Хавф йўқлигига қарамай, астероид ҳали ҳам олимларни қизиқтирмоқда. 2028 йилда у Ердан 8 миллион километр масофада учиб ўтади ва 2032 йилда у тахминан 270 минг километрга яқинлашади - бу Ойга қараганда яқинроқдир. Ушбу яқинлашув тадқиқотчиларга объектни батафсил ўрганиш имконини беради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тўқнашув хавфини дастлабки ортиқча баҳолаш янги астероидлар кашф этилганда тез-тез учрайдиган ҳодисадир. Янги маълумотлар пайдо бўлиши билан уларнинг орбиталари янгиланади ва одатда фалокат эҳтимоли камаяди. Ушбу ҳолат замонавий кузатув тизимлари ўз вазифаларини муваффақиятли бажараётганини ва шу билан инсоният хавфсизлигини ошираётганини тасдиқлади.

Мавзуга оид