Ўзбекистон 1,5 млрд долларлик суверен облигацияларни жойлаштирди
Ўзбекистон ҳукумати навбатдаги суверен облигацияларини чиқариш орқали халқаро молия бозоридан учта валютада жами 1,5 млрд доллар қарз олди. Қарзлар бюджет дефицитини ёпишга ва ипотека дастурини молиялаштиришга сарфланади. 2025 йил 1 январ ҳолатига, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 40 млрд доллардан, шундан ташқи қарз 33,7 млрд доллардан ошган.

Фото: Sukree Sukplang / Reuters
Ўзбекистон Республикасининг умумий қиймати қарийб 1,5 млрд доллар эквивалентидаги навбатдаги суверен халқаро облигациялари жаҳон молия бозорларида жойлаштирилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарига кўра, учта валютадаги қарзлар бўйича фоиз ставкалари қуйидагича шаклланган:
- 500 млн АҚШ доллари миқдоридаги 7 йиллик облигациялар бўйича – 6,95 фоиз (2024 йил май ойида чиқарилган 7 йиллик суверен халқаро облигациялари 7,125 фоиз ставкасида жойлаштирилган);
- 500 млн евро (525 млн АҚШ доллари) миқдоридаги 4 йиллик облигациялар бўйича – 5,1 фоиз (2024 йилда 3 йиллик облигациялар – 5,375 фоиз ставкасида);
- 6 трлн сўм (463 млн АҚШ доллари) миқдоридаги 3 йиллик облигациялар бўйича – 15,5 фоиз (2024 йилда 3 йиллик облигациялар – 16,625 фоиз ставкасида).
Қайд этилишича, жорий йилнинг январ-феврал ойларида ички молия бозорида 3 йил муддат учун давлат ғазначилик облигациялари бўйича фоиз ставкаси 15,6–16,1 фоизни ташкил этган.
Халқаро облигацияларни жойлаштиришдан келиб тушган маблағлар 2025 йилги давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш ва ипотека дастурини молиялаштириш учун тижорат банкларига ресурс ажратиш учун йўналтирилади.
Маълумот учун, 2025 йилнинг 1 январ ҳолатига, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 40,2 млрд долларга етган. Шундан 84 фоизи ёки 33 млрд 720 млн доллари – ташқи қарзлар.
Давлат қарзлари қолдиғи 2023 йил 1 январ ҳолатига 29,2 млрд доллар, 2024 йил 1 январ ҳолатига 34,9 млрд доллар бўлган.
2024 йилнинг 1 октябр ҳолатига, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60,2 млрд долларни ташкил қилган.
Мавзуга оид

15:34 / 27.01.2025
Жаҳон облигация бозорида инқироз: нега бундай бўляпти?

10:56 / 26.01.2025
“Давлатлар бўйнидаги қарз хавотирли даражага етди” – Давос форумида муҳокама

17:46 / 26.12.2024
Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 60 млрд доллардан ошди

16:56 / 07.12.2024