Фавқулодда вазиятлар вазирига генерал-майор ҳарбий унвони берилди
Президент фармонига мувофиқ Ботир Қудратхўжаевга генерал-майор ҳарбий унвони берилди.

Ботир Қудратхўжаев
Президент фармони билан бош прокурор ўринбосари — ҳарбий прокурор Ботир Қудратхўжаев фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинлангани тўғрисида хабар берилганди. ФВВ матбуот хизматига кўра, вазирликнинг янги раҳбарига президент фармони билан генерал-майор ҳарбий унвони берилган.
Ботир Қудратхўжаев фаолияти давомида Сурхондарё вилояти прокурори вазифасини бажарувчи, вилоят прокурори бўлиб ишлаган (2014−2016), кейин Тошкент шаҳри прокурори бўлган (2016−2017), 2017 йил июнидан 2020 йил октябрига қадар Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори лавозимида ишлаган. 2020 йилдан Хоразм вилоятига прокурор бўлган, 2022 йил ноябрида эса Бош прокурор ўринбосари – Ҳарбий прокурор лавозимига тайинланганди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда мудофаа вазири, ички ишлар вазири ва ДХХ раисининг бир нафардан ўринбосарлари ҳамда икки қўмондонга генерал-майор унвони берилганди. Шунингдек, ўшанда бош прокурор ўринбосарларидан бири ва Қорақалпоғистон прокурорига «III даражали давлат адлия маслаҳатчиси» махсус унвони топширилган эди.
Жорий йилнинг январида эса Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбоновга генерал-полковник ҳарбий унвони берилгани маълум бўлганди.