Ўзбекистон | 18:42 / 24.02.2025
1917
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўмон ташқи ишлар вазирини қабул қилди

Суҳбат аввалида вазир Ўзбекистон президентига Ўмон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломи ва мактубини етказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 24 феврал куни Ўмон султонлиги ташқи ишлар вазири Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидийни қабул қилди, деб хабар беради Президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, суҳбат аввалида вазир Ўзбекистон президентига Ўмон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саиднинг самимий саломи ва мактубини етказган.

Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестиция-молиявий соҳалардаги шериклик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалалари кўриб чиқилган.

Идоралараро ва ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон—Ўмон инвестиция компанияси портфелини янги кооперация лойиҳалари ҳисобига кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Жорий йил апрел ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва қўшма бизнес форуми ўтказилади.

Бундан ташқари, парламентлараро алоқаларни, маданий-гуманитар алмашинувни ривожлантириш, тўғридан тўғри авиақатновни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланган.

Минтақавий кун тартиби, шу жумладан, май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган «Марказий Осиё — Кўрфаз давлатлари» мулоқотининг иккинчи саммитига тайёргарлик юзасидан фикр алмашилган.

Мавзуга оид