Ўзбекистон | 20:35 / 24.02.2025
4458
5 дақиқада ўқилади

24 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Ҳайдовчилар учун янги қонун, кескин қисқарган автомобил импорти, Фарғонада ўпирилган йўл ва чегаралари ўзгараётган Самарқанд шаҳри — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳайдовчилар учун янги қонун: йўл безорилиги жазоланади

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш мақсадида қонунчиликка ўзгартишлар киритилди. Янги қоидаларга кўра, ички ишлар органлари ходимларининг тўхташ талабини бир неча бор бузган ҳайдовчилар бир йилга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва 11,25 млн сўм жаримага тортилади.

Бундан ташқари, «Йўл безорилиги» деб номланган янги модда жорий этилди. Йўлларда дрифт қилиш, тезликни сақлаган ҳолда транспорт воситасини сирпантириш, йўл йўлакларини кескин ўзгартириш ёки ҳаракатга қасддан тўсқинлик қилиш каби ҳолатлар учун 1 йилдан 2 йилгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 9,3 млн сўмгача жарима белгиланди. Агар бу ҳуқуқбузарлик ҳайдовчилик гувоҳномасисиз содир этилса, қарийб 19 млн сўм жарима ёки 15 суткагача қамоқ жазоси тайинланади.

Шунингдек, Жиноят кодексига транспорт воситаларини маст ҳолда бошқаришга оид янги модда киритилди, унга кўра, бундай ҳолатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланади.

Автомобил импорти кескин камайди

2025 йил январ ойида Ўзбекистонга 31 млн долларлик 1796 дона енгил автомобил импорт қилинди. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан миқдор жиҳатдан 5,6, қиймат жиҳатдан эса 7 баробар кам.

Энг катта пасайиш гибрид автомобиллар импортида кузатилган — 31 баробар. Электромобиллар 6,7 баробарга, бензинли енгил машиналар эса 2,5 баробарга камайган.

Мутасаддилар бу ҳолатни 2024 йил 1 ноябрдан кучга кирган янги техник синов талаблари билан боғламоқда. Чунки автомобиллар эндиликда божхона ҳудудида эмас, Пискент полигонида текширилмоқда. Автополигоннинг чекланган қуввати ва электромагнит мослашувчанлик текширувининг жорий этилиши импорт ҳажмини кескин камайтирган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Фарғонада йўл ўпирилиши оқибатида Damas ағдарилди

Фарғона вилояти Бағдод туманида ҳалқа автомобил йўлининг бир қисми ўпирилиб тушди. Бунга йўл ёқасидан оқиб ўтувчи Фарғона каналининг сув сатҳи ошгани ва сувнинг йўл тагига сизиб киргани сабаб бўлган.

Ҳодиса 24 февралга ўтар кечаси 286-километрда содир бўлди. Йўлда ҳаракатланаётган Damas ағдарилиб кетган. Ҳозирча жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган. Ҳаракат вақтинчалик чекланиб, айланма йўл ташкил этилди.

Ушбу йўл 2024 йил августда таъмирланган бўлиб, суткасига 30-35 минг транспорт воситаси ҳаракатланади. Автомобил йўллари бош бошқармаси таъмирлаш ишлари 24 феврал соат 18:00 га қадар якунланишини маълум қилди.

Бузилаётган уй-жойлар учун тўлиқ компенсация кафолатланади

Ўзбекистонда 2025 йил 1 мартдан кўп квартирали уй-жойларни реновация қилиш тартиби жорий этилади. Президент фармонига кўра, реновация фақат барча мулкдорлар билан нотариал келишув имзолангандан сўнг амалга оширилади.

Мулкдорлар компенсациянинг учта туридан бирини танлаши мумкин:

1. Янги турар жой билан таъминлаш — майдони камаймаган, яшашга тайёр квартира ва қурилиш даврида ижара харажатларини тўлиқ қоплаш.

2. Бозор қийматига тенг пул компенсацияси — турар ва нотурар жойлар учун.

3. Бошқа келишилган вариант — реновация ташаббускори билан келишув асосида.

2025 йил 1 майдан қурилиш жараёни тўлиқ онлайн тарзда «Шаффоф қурилиш» тизими орқали амалга оширилади. Кўп қаватли уйларни фойдаланишга топширишда фақат Қурилиш инспекцияси ва ёнғин назорати хулосаси талаб қилинади.

Самарқанд шаҳри ва туманлари чегаралари ўзгартирилади

Самарқандда Зарафшон дарёси қирғоғи бўйлаб 10 млрд долларлик «Ширин» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплекси қурилиши сабаб шаҳар ва туман чегаралари ўзгариши белгиланди.

Сенат қарорига кўра, Оқдарё туманидан 243 гектар, Самарқанд туманидан 170 гектар, жами 413 гектар ер Самарқанд шаҳрига қўшилади. Натижада «Ширин» мавзеси 665 гектарга кенгайиб, 180 минг аҳолига мўлжалланган 60 минг хонадонли 254 та кўп қаватли уйлар, 45 та ижтимоий объект қурилади.

Ушбу лойиҳа шаҳарнинг меъморий қиёфасини яхшилаш, туризм ва инвестиция салоҳиятини ошириш, замонавий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид