Жаҳон | 01:23 / 23.02.2025
13504
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украина билан қазилма бойликлар битими шартларини кескинлаштирди

АҚШ махсус жамғарма тузишни, Украина унинг ҳажми 500 миллиард долларга етгунча ўз ҳиссасини қўшиб бориши кераклигини таклиф қилмоқда.

Фото: AP

21 февраль куни Қўшма Штатлар Украинага қазилма бойликлар бўйича келишув лойиҳасининг янги таҳририни топширди, айрим шартлар аввалги таҳрирга қараганда кучайтирилди. Бу ҳақда The New York Times ёзди.

Ҳужжат Украинага табиий ресурслар, жумладан, фойдали қазилмалар, газ ва нефтдан, шунингдек, портлар ва бошқа инфратузилмалардан олинадиган даромаднинг ярмидан АҚШ фойдасига воз кечишни назарда тутади.

Худди шу талаб 14 февралдаги аввалги таҳрирда ҳам мавжуд эди. Янги версияда тушум 100 фоизи АҚШга тегишли бўлган жамғармага йўналтирилиши кўрсатилган. Украина ушбу жамғармага унинг ҳажми 500 миллиард долларга етгунча ўз ҳиссасини қўшиб бориши керак.

Қайд қилинишича, томонларнинг жамғармага бадаллари қуйидаги нисбатда бўлинади: Украина томони келгусида олинадиган даромадларнинг учдан икки қисмини, Америка томони эса қурол кўринишида тақдим этган учинчи қисмини ҳисса сифатида қўшади. Украина жамғарма ҳажмини қайта кўриб чиқишни ва унинг маблағлари фақат мамлакатга сармоя киритиш учун ишлатилиши тўғрисида келишув имзолашни таклиф қилмоқда.

Олдинги вариантда 500 миллиард доллар ҳақида айтилмаган эди. АҚШ президенти Доналд Трамп Киевнинг Вашингтон олдидаги мажбуриятларини шу миқдорга баҳолаган. Бу АҚШ томонидан тақдим этилган ҳарбий ва молиявий ёрдамга тегишлими ёки келажакдаги ёрдамга ҳам тегишлими, аниқ эмас.

Янги лойиҳада, Россия томонидан назорат қилинадиган ҳудудлардан олинадиган даромадлар тўғрисидаги банд ҳам бор. Агар Украина уларни қайтара олса, дромадларни баҳам кўришига тўғри келади. Бу ерлардан жамғармага тушадиган даромад улуши 66 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Ҳужжатда, шунингдек, Қўшма Штатлар тушган маблағнинг бир қисмини Украинани урушдан кейинги тиклаш учун қайта сармоя қилиши мумкинлиги айтилади.

Келишувда АҚШ Украинага қандай хавфсизлик кафолатларини беришга тайёрлиги айтилмаган. Ушбу нуқта лойиҳанинг биринчи версиясида ҳам йўқ эди.

Мавзуга оид