Ўзбекистон | 20:55 / 20.02.2025
4753
5 дақиқада ўқилади

20 феврал янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Қидирувга берилган диний блогер, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига мукофотлар, имтиёздан маҳрум қилинадиган экинсиз томорқа эгалари ва давлат улуши хусусийлаштирилган «Трест-12» — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Мубашшир Аҳмад қидирувга берилди

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари диний блогер Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов)ни қидирувга берди. У Жиноят кодексининг 244-2-моддаси биринчи қисми – тақиқланган ташкилотлар тузиш ва уларда иштирок этиш айблови билан тергов қилинмоқда.

Ички ишлар вазирлиги расмийси Шоҳрух Ғиёсов унинг қидирувга берилганини тасдиқлади, бироқ қачон ва қандай айбловлар асосида тергов бошланганини очиқламади.

Мубашшир Аҳмад Ўзбекистонда диний маърифий лойиҳалар, бир нечта диний китоблар муаллифи сифатида танилган. У 2023 йилда Туркияда қўлга олинган, бироқ далиллар топилмагани сабаб қўйиб юборилган эди.

Уруш қатнашчиларига 10 минг доллардан мукофот

Президент Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Унга кўра, уруш қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг доллар, уларга тенглаштирилган шахсларга 25 млн сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 млн сўмдан бир марталик пул мукофоти берилади.

Ҳужжатга кўра, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари моддий қўллаб-қувватланади.

Мукофотлар республика бюджети ҳисобидан молиялаштирилади. Давлат органлари ва жамоат ташкилотлари бу маблағларнинг тантанали тарзда топширилишини таъминлайди. Фармон ижроси бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилди.

Томорқасига экин экмаганлар имтиёзлардан маҳрум бўлади

Ўзбекистонда аҳолини томорқаларидан самарали фойдаланишга ундаш учун янги чоралар эълон қилинди. Томорқасида экин экмаганлар учун ер солиғи 3 баробар оширилади, имтиёзли кредитлар берилмайди ва камбағаллар реестридан чиқарилиши мумкин.

Маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари ҳар чоракда томорқалар ҳолатини текшириб боради.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Ўзбекистонда 2018 йилдан бери томорқасини ишлатмаганлар учун ер солиғини ошириш тартиби амал қилиб келган. 2020 йилда томорқадан фойдаланмаганларни жавобгарликка тортиш ҳақида қонун таклиф этилган, бироқ Сенат уни рад этган эди.

Ўзбекистон ва Озарбойжон ID-карталарни тан олади

Ўзбекистон ва Озарбойжон фуқароларига чет эл паспортисиз чегарани кесиб ўтиш имконини берувчи ID-карталарни ўзаро тан олиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Икки давлат вазирлик ва идоралари вакиллари элчихона кўмагида онлайн учрашув ўтказиб, ID-карталарни расмий ҳужжат сифатида тан олиш имкониятларини муҳокама қилди. Бу қадам фуқаролар ҳаракатини соддалаштириш, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш ва миграция сиёсатида ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилади.

ID-карталардан фойдаланиш саёҳатларни енгиллаштириш билан бирга савдо-иқтисодий, маданий ва сайёҳлик алоқаларини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

«Трест-12»даги давлат улуши хусусийлаштирилди

Ўзбекистондаги йирик қурилиш компанияларидан бири «Трест-12» АЖ устав капиталидаги 51,1 фоиз давлат улуши хусусийлаштирилди. Битим қиймати 111 млрд сўм бўлиб, харидор Delta Global Dynamics МЧЖ компанияси бўлди.

Бу компания собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловга тегишли. Унга қарашли компаниялар аввалроқ МХХнинг Тошкент марказидаги собиқ биноси, Ўзбекистондаги энг йирик спирт заводи, UNG Petro заправкалар тармоғи ҳамда Чиноз нефтни қайта ишлаш заводини сотиб олгани билан жамоатчилик эътиборига тушганди.

«Трест-12»даги давлат улушини сотиб олиш учун 4 та компания қизиқиш билдирган, аммо фақат 2 таси расмий таклиф тақдим этган. Хусусийлаштириш жараёнида Deloitte консалтинг компанияси иштирок этган. Delta Global Dynamics 111 млрд сўмлик энг юқори таклифни бериб, ғолиб деб топилган. Харидор 2 йил давомида корхонадаги иш ўринларини сақлаб қолиш, иш ҳақи фондини камайтирмаслик ва жамоа шартномаларини ўзгартирмаслик мажбуриятини олган. Битим Хусусийлаштириш давлат комиссияси томонидан маъқулланган.

Delta Global Dynamics МЧЖ 2022 йил январда Тошкентда рўйхатга олинган бўлиб, асосий фаолияти тижорат ва бошқарув маслаҳатлари билан боғлиқ. Компаниянинг устав фонди 200 млн сўм бўлиб, 100 фоиз улуши Дониёр Комиловга тегишли.

Мавзуга оид