Жаҳон | 20:38 / 19.02.2025
5675
6 дақиқада ўқилади

Музокарами ёки гурунг: АҚШ ва Россия бош дипломатлари учрашуви ҳақида

Саудия Арабистонида Россия ва АҚШ делегациялари Украинадаги урушни тугатишни муҳокама қилиш бўйича илк расмий учрашувни ўтказди. Бу урушни тугатиш йўлидаги жиддий қадам дейиш мумкин. YouTube-каналдаги навбатдаги видеомизда ушбу учрашувга оид асосий хабарларни келтирамиз.

Икки томонда ҳам бош дипломатлар

Ҳар икки томондан ўз мамлакатининг асосий дипломатлари иштирок этди. Россия делегациясини Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошқарди. Унга Юрий Ушаков ҳамроҳлик қилди. Лавровни кўпчилигингиз танийсиз, лекин Ушаков деган одам ҳақида унчалик кўп эшитмаган бўлсангиз керак. Эслаб қолинг, у жуда катта одам, Путиннинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси, амалда Россия ташқи сиёсатининг куратори. Бюрократик жиҳатдан Лавров ундан каттароқ, лекин Америка вакиллари билан учрашувда русларнинг асосий одами катта эҳтимол мана шу Ушаков бўлган. Дарвоқе, бу дипломат нақ 10 йил Россиянинг АҚШдаги элчиси бўлиб ишлаган.

Америка делегациясига давлат котиби Марко Рубио раҳбарлик қилди. Унга Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майк Уолтс ҳамроҳ бўлди.

Ушаков музокара қандай ўтди деган саволга ёмон эмас, деб жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, учрашувда жуда жиддий масалалар муҳокама қилинган. Шунингдек, Трамп ва Путиннинг ўзаро учрашуви масаласи ҳақида гаплашишган. Ушаков бу учрашув келаси ҳафтада ўтказилмаслиги аниқлигини айтган. Аввалроқ Bloomberg Трамп ва Путин 24 февралдан 2 мартгача учрашиши мумкинлигини ёзганди.

Ҳозирча Россия ва Украина дипломатлари айнан нималарни гаплашгани ҳақида гапиришмади. Аниғи шуки, улар икки томонлама мулоқот доимий давом этиши ва бунинг механизмлари борасида келишиб олган. Reuters учрашув якунлари бўйича қизиқ маълумот эълон қилди. АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюсга кўра, Вашингтон ва Москва урушдан кейин ҳам ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олибди. Қизиқ, ҳали уруш тугагани йўқ, лекин америкаликлар ва россияликлар урушдан кейинги масалаларни муҳокама қилиб юришибди. Демак улар ҳар икки давлат ҳудудида бўлмаётган урушни тугатишга шунчалик ишоняпти.

«Биз ҳеч қандай музокарани қабул қилмаймиз»

Шу ўринда Саудия Арабистонида ўтаётган Россия ва АҚШ ўртасидаги учрашув Украинадаги урушни тугатиш бўйича расмий музокара эмаслигини эслатиш керак. Давлат департаменти расмий вакили Тэмми Брюс ва Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог буни таъкидлаб айтди. Уларга кўра, бу учрашувдан мақсад Россия ҳамда АҚШ ўртасидаги муносабатларни тиклаб олиш. Шу сабаб унга Украина вакиллари таклиф қилинмаган.

Украина президенти Володимир Зеленский Ар Риёзда Россия ва АҚШ уруш бўйича қандайдир келишувга эришса, Киев уни асло қабул қилмаслигини кўп марта такрорлади.

Россия «планкани кўтармоқда»

Энди гапимизнинг асосий жойига келдик. Саудиядаги учрашувдан кейин маълум бўлдики, Россия уруш бўйича талабларни кўпайтира бошлаган. Ахир Америка президенти Трамп келганидан буён Путинни танқид қилгани йўқ, ўзаро учрашувда ҳам уни мақтаб қўйгандир балки. Путин Оқ уйдаги янги маъмурият унинг сиёсатига қарши чиқмаётганини кўргач, табиийки, Украинага кўпроқ шарт қўйишга киришди.

Энди Украина НАТОга кирмаслиги Путин учун етарли бўлмайди. Fox News телеканалига кўра, Россия уч босқичдан иборат тинчлик режаси талаб қилмоқда. Яъни аввало ўт очишни тўхтатиш, кейин Украинада президентлик сайлови ўтказиш, шундан кейин охирги келишувни имзолаш. Россия Украинада президентлик сайлови ўтказилишини энг асосий талаб деб ҳисобламоқда. Шунингдек, республикачиларни қўлловчи ушбу канал журналистларига кўра, Путин ва Трамп ўзаро суҳбат вақтида ҳам Украинадаги сайловлар масаласини муҳокама қилиб, Зеленскийнинг имкониятларини паст баҳолаган.

Маълумот учун, Киев мамлакат уруш ҳолатида бўлгани учун ўтган йил ўтказилиши лозим бўлган президентлик ва парламент сайловларини қолдирганди. Украина ҳукумати ҳозир мамлакатнинг катта қисми Россия назоратига ўтиб кетгани, жуда кўп эркаклар жанг майдонида экани ва мамлакат сайлов ўтказадиган ҳолатда эмаслиги, шунингдек, қонундаги чеклов сабаб президентлик сайлови бўлмаслигини маълум қилган.

АҚШ давлат котиби Рубио Трамп Украинадаги урушни 2-3 йилга эмас, бутунлай тугатмоқчи эканини айтди. Кўрамиз, воқеалар ривожи АҚШ Украинанинг капитуляциясини истаётганига ишора қилмоқда. Трамп Украина ерларини Россияга қўшқўллаб топширишини истаётгани кўриниб турибди.

Мюнхен конференциясида чиқиш қилган америкаликлар уруш музокараларида Европани очиқчасига чеккага чиқариб қўйди. Бундан 87 йил аввал айнан Мюнхенда бир давлат бошқа бир давлатга ўз ерларини топширишга мажбурланганди. Бу борада бутун бошли келишув ҳам имзоланган. Бир йил ўтиб эса инсоният тарихидаги энг машъум қирғинбарот бошланган. Умид қиламиз, инсоният ўша даҳшатли хатони қайтиб такрорламайди. Охири бахайр бўлсин.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид