Ўзбекистон | 12:03 / 17.02.2025
25153
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда электр ва газ таъминоти корхоналарининг 7 ходими қамоққа олинди

Коррупциявий жиноятларни содир этганликда айбланаётган ходимлар Бош прокурор ўринбосари ўтказган йиғилишда қўлига кишан тақилган ҳолда олиб чиқиб кетилган. Йиғилиш ўтказилганидан бир кун ўтиб жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон тумани суди “Қорадарё” электр таъминоти корхонасининг 4 ходимига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида ажрим чиқарди.

Фото: Энергетика вазирлиги

Самарқандда Бош прокурор ўринбосари Ш.Аминов иштирокида энергетика соҳасида коррупцияга қарши кураш бўйича танқидий йиғилиш ўтказилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, йиғилиш 14 феврал куни ўтказилган. Унда “Ҳудудий электр тармоқлари” ва “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари Самарқанд вилояти ҳамда туман ва шаҳарлар филиаллари ходимлари, шунингдек, бошқа масъуллар иштирок этган.

Йиғилишда таъминот корхоналарининг коррупциявий жиноятларни содир қилганликда айбланган 7 нафар ходими ҳибсга олинган. Гумондорлар йиғилишнинг ўзида қўлига кишан тақилган ҳолда олиб чиқиб кетилган.

Kun.uz'нинг аниқлашича, 15 феврал куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди “Қорадарё” электр таъминоти корхонасининг 4 ходимига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида ажрим чиқарган. Улар йиғилишда қамоққа олинганлардан бўлиши мумкин.

Хусусан, суд ажрими билан “Қорадарё” электр таъминоти корхонаси ҳуқуқшуноси О.Қ., инспектори Ю.Н., назоратчиси С.Н. ҳамда муҳандиси З.З.га қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Суд ҳужжатида келтирилишича, Ю.Н., С.Н. ва З.З. тил бириктирган ҳолда бир гуруҳ бўлиб, Каттақўрғон тумани Валижон маҳалласида яшовчи фуқаронинг электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари бузилгани ҳақида тузилган далолатномани ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 7 млн сўм ва 200 АҚШ долларини қўлга киритишган.

Ҳуқуқшунос О.Қ. эса туманнинг Алижон маҳалласида яшовчи, тармоққа ноқонуний улангани учун 27 млн сўм зарар ҳисобланган фуқарога тузилган далолатномани ижобий ҳал қилиб бериш учун 2,7 млн сўм сўраган. У киракаш орқали 2,7 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мавзуга оид