Жаҳон | 16:16 / 16.02.2025
4597
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистондаги вокзалда тиқилинч юз берди. Камида 18 киши ҳалок бўлди

Ню-Деҳли темирйўл вокзалида содир бўлган тиқилинч оқибатида ҳалок бўлганлар орасида беш нафар бола ҳам бор. Ҳолат юзасидан полиция тергов ҳаракатларини бошлаган.

Фото: AP

Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли темирйўл вокзалида юз берган тиқилинч оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлди, деб хабар беради NDTV телеканали.

«Ню-Деҳли темирйўл станциясида йўловчиларнинг поездга ўтиришга уриниши натижасида юз берган тиқилинч оқибатида камида 18 киши, жумладан, 11 нафар аёл ва беш нафар бола ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳат олди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Prayagraj Express поезди жўнаб кетишга тайёрланаётган вақтда темирйўлнинг 14-платформасида одам кўп бўлган. Йўловчиларнинг аксарияти Праяграж шаҳрига кетадиган поездни кутиб турган — шу кунларда ушбу мамлакатда йирик диний фестивал нишонланмоқда.

Шунингдек, бошқа иккита поезд — Swantrata Senani Express ҳамда Bhubaneshwar Rajdhani Express’нинг ҳам ушланиб қолиши сабаб 12, 13 ва 14-сонли платформалар одамга тўлиб кетган.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди содир бўлган фожиа муносабати билан ҳалок бўлганларнинг қариндошларига ҳамдардлик билдирган ва жароҳат олганларнинг тезроқ тузалиб кетишини тилаган.

Ҳолат юзасидан полиция тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, январ охирларида Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида Кумбҳ Мела диний фестивали вақтида юз берган тиқилинчда камида 30 киши ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид