Жаҳон | 18:27 / 14.02.2025
15221
2 дақиқада ўқилади

Ёнғиндан жабр кўрган Лос-Анжелесни сув босди

Метеорологлар яқин соатлар ичида яна 3 сантиметргача ёғингарчилик юз беришидан огоҳлантирмоқда. Аҳолига уйдан чиқмаслик ва йўлларда ҳаракатланмаслик тавсия этилган.

Лос-Анжелес округида кучли ёғингарчиликдан кейин сув тошқинлари ва кўчкилар бошланди. Бу кенг кўламли ёнғинлардан бир ой ўтиб содир бўлмоқда, деб ёзади New York Post. Метеорологларнинг огоҳлантиришича, лой, тош ва сув оқими инсонлар ҳаётига хавф туғдириши, йўлларга, уйлар ва дренаж тизимига зарар етказиши мумкин.

Табиий офатдан айниқса, Ҳолливуд тепаликлари, Пасифик-Палисейдс ва Алтаденд ҳудудлари кўпроқ зарар кўрган. Тинч океани шоссесида тош ва лой уюмлари пайдо бўлган. Чорраҳалардан бири бутунлай тўсилиб қолган — лой қатлами қарийб 1,2 метрга етади.

Кўплаб ҳудудлар, жумладан, Малибу, Сан-Фернандо водийси, Лос-Анжелес маркази хавф остида. Метеорологлар яқин соатлар ичида яна 3 сантиметргача ёғингарчилик кузатилишини, бу вазиятни янада ёмонлаштириши мумкинлигини прогноз қилмоқда.

Куни кеча Лос-Анжелес мэри Карен Басс ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали ёғингарчилик жума кунига қадар давом этишини маълум қилиб, аҳолини янги сув тошқинлари ва кучли шамолга тайёр туришга чақирган эди. Фуқароларга уйдан чиқмаслик, дарахтларга яқинлашмаслик ва йўлларда имкон қадар ҳаракатланмаслик тавсия қилинмоқда.

Январ ойида шаҳар ўрмон ёнғинларидан катта зарар кўрганди. Мутахассислар ёнғин етказган зарарни 95 миллиарддан 164 миллиард долларгача баҳолаган. 16,2 минг иншоот кулга айланган, камида 29 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид