АҚШ Ўзбекистон фуқароларини Панамага депорт қилди
АҚШ ҳукумати осиёлик муҳожирларни давлатдан тезроқ чиқариб юбориш учун Панамага депорт қилишни бошлади. Биринчи гуруҳда ўзбекистонликлар ҳам бор. NYT Осиё давлатлари ўз фуқароларини қабул қилишни истамагани, бу эса депортация жараёнида қийинчиликлар туғдиргани ҳақида ёзди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Kun.uzʼга изоҳида нашрнинг бу хабарини қатъий рад этди.
Депортацияни тезлаштириш ва юзага келаётган қийинчиликларнинг олдини олиш учун АҚШ Осиёдаги қатор давлатлар фуқароларини Панамага депорт қила бошлади. The New York Times’нинг ёзишича, улар асосан давлати қабул қилишни истамаган муҳожирлар.
Маълум бўлишича, Панамага биринчи самолёт Калифорнияда ҳавога кўтарилган. Мигрантлар ичида Хитой, Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон фуқаролари бор. Панамага депортация давлат котиби Марко Рубионинг ўтган ҳафта Панамага амалга оширган ташрифи ҳамда Трампнинг канални олиб қўйиш таҳдидлари ортидан юз бермоқда, деб ёзади нашр.
Биринчи рейсдаги 100 дан ортиқ муҳожирлар АҚШга ноқонуний равишда кириб келган. Кўпинча Қўшма Штатлар учун муҳожирларни бу давлатлар (Хитой, Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон)га қайтариш қийин, дея қўшимча қилади The New York Times.
Панама президенти Хосе Раул Мулино 13 феврал куни эрталаб бўлиб ўтган матбуот анжуманида «дунёдаги хилма-хил миллатлар»га мансуб бўлган 119 киши бир кечада АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари рейси билан Панама шаҳри ташқарисидаги аэропортга қўнганини тасдиқлади.
Улар маҳаллий меҳмонхонага жойлаштирилган ва тезда Панама шарқидаги Дариен провинциясидаги бошпанага кўчирилади. Бу жараён эса Халқаро миграция ташкилоти назоратида олиб борилади ҳамда муҳожирлар шу ердан ватанига қайтарилади.
«Биз уларни имкон қадар тезроқ у ердан олиб чиқишларига умид қиламиз. Бу Панаманинг миграция масалаларига қўшаётган яна бир ҳиссаси», деди президент Мулино.
Маълум бўлишича, рейсларни АҚШ молиялаштирмоқда, муҳожирлар Панамадан ватанига қайтиши сарф-харажатларини ҳам Вашингтон ўз зиммасига олади.
Трампнинг ўта кескин таҳдидлари ва кучли дипломатик босими ортидан Лотин Америкаси давлатлари АҚШга ёрдам бермоқда. Бу муҳожирларни оммавий олиб чиқиш сиёсатида янгича методни пайдо қилиши мумкин. Бироқ тили ва маданияти ўзга давлатга жўнатилган муҳожирларнинг Панамада тақдири қандай кечади, бу сўроқ остида қолмоқда, деб ёзади NYT.
Панама ҳукумати келгуси ҳафта муҳожирларнинг навбатдаги гуруҳини Гапле жанубидаги кичик шаҳарчага юбориш таклифини ҳам эълон қилди.
13 феврал куни Панама президенти журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, ҳарбий-ҳаво кучларининг яна иккита самолёти яқин кунларда Панамага жами 360 га яқин муҳожирни олиб келишини маълум қилди. Халқаро миграция ташкилоти Панама ҳукумати илтимосига биноан яқинда келган муҳожирларга ёрдам кўрсатаётганини айтди. Таъкидланишича, у муҳожирларга ёрдам бериш, шу жумладан, ўз мамлакатларига қайтариш учун маҳаллий расмийлар билан иш олиб бормоқда.
Трамп маъмурияти депортацияни тезлаштириш учун муҳожирларни нафақат Панама, балки Салвадор ва Гватемалага ҳам чиқариб юборишни режалаштирмоқда. Икки давлат бунга рози бўлган. Айни пайтда администрациядагилар бошқа Марказий ва Лотин Америкаси давлатлари билан буни жиддий муҳокама қилмоқда.
Таҳлилчилар Қўшма Штатлар муҳожирларни янада ёмонроқ шароитлардаги жойларга юбориши мумкинлигидан огоҳлантиряпти. Масалан, Салвадор ҳибсга олинган инсонлар ҳуқуқлари поймол қилинадиган давлат сифатида айблаб келинади. Гватемала эса дунёда зўравонлик жиноятларининг энг юқори кўрсаткичларидан бирига эга.
Таъкидланишича, барча ҳам эмас, фақат ўз давлатига жўнатиш қийин бўлган муҳожирлар Лотин Америкасига чиқариб юборилади. Панама каналини қайтариб олиш таҳдиди ортидан бу давлат ҳукумати ҳозир АҚШ қўйган талабларни бажаришга мажбур. Марко Рубио билан кўришган президент Мулино каналдан фойдаланишдаги Хитой таъсирини қисқартиришга ваъда берган.
Элчихона ва ТИВ рад этди
The New York Times хабарида келган юқоридаги 4 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз фуқароларини қабул қилишни истамаётгани ҳақидаги маълумотни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси қатъиян рад этди. Элчихона дипломатлари Kun.uz мухбири билан суҳбатда нашрнинг бу маълумоти ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди.
«Қўшма Штатлар The New York Times нашрининг „Ўзбекистон ўз фуқароларини АҚШдан олиб чиқиш операциясида ҳамкорликни истамайди“ деган иддаосини қатъиян рад этади. Аксинча, Ўзбекистон икки томонлама мустаҳкам кун тартиби, жумладан, АҚШнинг муҳожирларни олиб чиқиш бўйича сўровларига жавоб бериш бўйича қатъий ҳамкор бўлиб келмоқда. Бу президент Трамп ва унинг маъмурияти учун устувор масала бўлгани сабабли Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот янада жонланган», дейилади АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумотида.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ТИВ бу депортациялардан хабардор ва АҚШ ҳукумати билан ҳамкорликда ишламоқда.
«Биз бу масалада АҚШ билан ҳамкорликда ишлаяпмиз, депортацияни тўғри амалга ошириш бўйича яқин алоқадамиз. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ҳамда Ню Йоркдаги консулхонаси АҚШнинг миграция учун масъул органи Homeland Security билан доимий алоқада. Ўзбекистонликларни депорт қилиш билан боғлиқ, уларнинг ҳужжатлари ёки бошқа муаммолари бўлганда биз қўлимиздан келганича ёрдам берамиз.
Ҳозир Панамада фуқароларимиз борми, уларнинг сони қанчалигини аниқ билмаймиз. Агар бор бўлса, биз ҳеч шубҳасиз уларни қайтариш учун тўлиқ ёрдам берилади», — деди ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Шунингдек, ТИВ расмийси Америка қитъасида қийин аҳволда қолган барча фуқаролар Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ёки Ню Йоркдаги консулхонасига мурожаат қилиб, керакли ёрдам ёки маслаҳатлар олиши мумкинлигини эслатди.
Шоҳрух Мажидзода тайёрлади
Мавзуга оид

17:32
Россияда 685 минг хорижлик назорат остидаги шахслар реестрига киритилди

21:19 / 08.03.2025
Россияда оғир тан жароҳати олган эркак Ўзбекистонга қайтарилди

18:12 / 07.03.2025
Мигрантларнинг пул ўтказмаларисиз Ўзбекистонда камбағаллик 17 фоизгача ошиши мумкин – Жаҳон банки

18:59 / 06.03.2025