Спорт | 16:24 / 12.02.2025
13090
2 дақиқада ўқилади

Шахматчи Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШдан Ўзбекистон терма жамоасига қайтди

У 4 йил давомида АҚШ терма жамоасида ўйнади, энди Ўзбекистонга қайтганини эълон қилди.

Фото: Ўзбекистон шахмат федерацияси

Шахматчи, халқаро гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова АҚШ терма жамоасини тарк этиб, Ўзбекистон терма жамоасига қайтди. Бу ҳақда Шахмат федерацияси хабар берди.

Қайтиш сабаблари ҳақида шахматчининг ўзи шундай деди:

«Гап пулда ёки ваъдаларда эмас, мен доим Ватанимиз байроғи остида қатнашишни хоҳлаганман. Лекин орада шундай давр бўлдики, кетишга мажбур бўлдим. Агар мен Ўзбекистонда муҳит ўзгарганини, Шахмат федерациясида спортчиларга эътибор пайдо бўлганини ҳис қилмаганимда қайтмас эдим».

Гулруҳбегим Тоҳиржонова ўзбекистонлик аёллар ичида халқаро гроссмейстер унвонини олган иккинчи шахматчи. У 2020 йилда, 21 ёшида АҚШга жўнаб кетган, кейинчалик кетишига Ўзбекистон шахмат федерациясидаги «адолатсизликлар» сабаб бўлганини айтганди.

Тоҳиржонова АҚШ терма жамоасининг 1-рақамли шахматчиси бўлди. 2023 йилда «Йилнинг энг яхши аёл шахматчиси» деб топилди.

Охирги иккита Олимпиада давомида АҚШ ва Ўзбекистон ўзаро дуч келганда Гулруҳбегим ўз ҳамюртларига қарши дона суришдан бош тортди.

Мавзуга оид