Жаҳон | 12:40 / 08.02.2025
1566
2 дақиқада ўқилади

Туск Шолцни танқид қилди ва миграция қонунини кучайтиришга тайёр

Полша бош вазири Германия ҳукуматининг Германия ва Полша чегарасидаги ҳаракатларида «мантиқ йўқ» деб ҳисобламоқда. Туск шунингдек, жиноятда айбланган мигрантлар депортация қилинишини ҳам маълум қилди.

Фото: DPA

Германияда миграция масалалари бўйича баҳслар чоғида Полша бош вазири Доналд Туск Германия ва Полша ўртасидаги чегара назоратини танқид қилди, деб хабар берди AFP 7 феврал, жума куни кечқурун. Шу билан бирга, у жиноий ҳаракатлар содир этганликда айбланган хорижликлар депортация этилиши ҳақида эълон қилди.

«Полшада бўлган, меҳмондўстлигимиздан фойдаланиб, қонунни бузган ҳар бир киши Полшадан депортация қилинади», деди Туск Гданскда Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен билан қўшма чиқишида. Шунинг учун ҳукумат «уюшган жиноятчилик ва хорижликлар томонидан содир этилган зўравонлик жиноятларига» жавоб беришда давом этади», деди бош вазир. Фон дер Ляйеннинг ташрифига Полшанинг Европа Иттифоқи кенгашига раислиги бошланиши сабаб бўлди. Йил бошида йиғилиш ЕК раҳбарининг бетоблиги сабабли қолдирилганди, деб хабар бермоқда AFP.

Туск Шолцни танқид қилди

Шу билан бирга, Доналд Туск федерал канцлер Олаф Шолцни шахсан танқид қилди, унинг ҳукумати ҳаракатларида «ҳеч қандай мантиқ» кўрмаётганини билдирди. «Агар биз Европанинг ташқи чегарасини ҳимоя қилишга сармоя киритадиган бўлсак, Германия ва Полша ўртасида назоратга эҳтиёж қолмайди», деди Полша ҳукумати раҳбари. Шолц дастлаб Европа Иттифоқининг шарқий чегарасидаги чегара назорат пунктларини Европа маблағлари ҳисобига кенгайтиришга қарши бўлган, аммо энди, Тускнинг сўзларига кўра, «у бу ташаббусга тўсқинлик қилишни тўхтатган».

Миграция «Полшада ҳам, Германияда ҳам долзарб мавзу», деди Туск 23 февралдаги Бундестаг сайловлари ва май ойида бўлиб ўтадиган Полша президентлик сайловлари олдидан. Ўз навбатида, фон дер Ляйен Еврокомиссия «яқин келажакда Европа Иттифоқи орқали мигрантларнинг қайтишини тезлаштириш бўйича таклиф киритиш» ниятида эканини таъкидлади.

Мавзуга оид