Жаҳон | 08:56 / 08.02.2025
11758
4 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг Торецк шаҳри эгалланганини маълум қилди

Россия ҳарбийлари Донецк области Бахмут районидаги Торецк шаҳрини эгаллаб олди, деб хабар қилмоқда Россия Мудофаа вазирлиги. Украинанинг DeepState лойиҳасига кўра, шаҳар маркази қўлга киритилган, бироқ унинг чеккасида жанглар кетмоқда.

Фото: Patrol Police of Ukraine/REUTERS

Россия Мудофаа вазирлиги 7 феврал, жума куни Россия қўшинлари Донецк областидаги ҳужум чоғида Украинанинг Бахмут районида Торецк шаҳрини эгаллаб олганини маълум қилди. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, шаҳар учун беш ойлик жанглар давомида Украина Қуролли кучлари 26 мингдан ортиқ аскар ва 600 га яқин ҳарбий техникани йўқотган. Шу билан бирга, Россия Мудофаа вазирлиги «Торецк агломерацияси» таркибига кирадиган аҳоли пунктлари учун жанглар ҳали ҳам давом этаётганини таъкидлади.

Бироқ, Украина Ички ишлар вазирлигига кўра, Торецк учун жанглар давом этмоқда. «Хортица» тезкор-стратегик кучлар гуруҳи вакили Назар Волошиннинг «РБК-Україна» агентлигига маълум қилишича, ҳозирда шаҳарда жанглар «шаҳарсозлик объектларида» кетмоқда. Бу билан у шаҳарнинг босиб олингани ҳақидаги маълумотни рад этди. "Душман бизни мағлуб этиш учун барча куч ва воситаларини ишга солмоқда", деди у.

Украинанинг DeepState ҳарбий лойиҳасига кўра, ҳозирда Забалка микрорайонида, шунингдек, Торецкнинг шимолий ва ғарбий чеккаларида жанглар давом этмоқда. «Шаҳар маркази деярли бутунлай душман назорати остида», — дея таъкидлади лойиҳа муаллифлари. DeepState, шунингдек, ўз расмий манбаларига ишонч йўқлиги сабабли украиналиклар «душман маълумотини қабул қилишга» мажбур бўлганини таъкидлади. «Курахово ва Велика Новосёлка йўқолганлиги ҳақида жамоатчилик ҳанузгача хабардор қилинмаган, бу расмий хабарларни тузаётганлар учун кўплаб саволлар туғдиради», дейилади хабарда.

"Шторм Z" отрядларига 30 минг маҳбус ёлланди

"Важные истории" ҳисоб-китобларига кўра, россиялик маҳбуслардан тузилган "Шторм Z" бўлинмасига колониялардан 30 мингга яқин киши ёлланган бўлиши мумкин. Натижалари 6 феврал куни эълон қилинган таҳлилда қариндошлари бедарак йўқолган россиялик аскарларни қидираётгани ва бошқа маълумотлар қаторида шахсий жетон рақамлари эълон қилинган ижтимоий тармоқлардаги минглаб постлар ўрганилди.

Олти мингта шундай нашрларнинг 2038 тасида жетон рақамлари кўрсатилган. Журналистларнинг аниқлашича, 657 ҳолатда собиқ маҳбуслар илгари ўзини мустақил деб эълон қилган «ДХР» ва «ЛХР»да чиқарилган «АБ» серияли жетонларни олган. Шу билан бирга, маҳбусларни «Шторм Z»га жалб қилиш 2023 йил февралидан сентябргача амалга оширилди ва «АБ» сериясининг сўнгги жетони ўша йилнинг август ойининг охирида чиқарилган. 2023 йил сентябр ойидан бошлаб маҳбуслар «Шторм Z» бўлинмаларига жалб қилиниб, уларга Россия Қуролли кучларининг оддий ҳарбий хизматчилари каби аскарлик жетонлари берилди, дея таъкидлайди нашр.

«Жетонларни рақамлаш йўналишига асосланиб, биз "Шторм Z"даги маҳбусларнинг тахминий сонини аниқлашга муваффақ бўлдик», - деб ёзади "Важные истории". Уларга кўра, олти ой давомида ёлловчилар ушбу ҳужум отрядига камида 108 колониядан маҳбусларни жалб қилишган ва уларни гўёки бир колониядан бўлгани каби фронтга жўнатишган.

Мавзуга оид