Ўзбекистон | 21:13 / 07.02.2025
5480
2 дақиқада ўқилади

Ёшлар парламентига раис ва унга икки ўринбосар сайланди

Сенатда парламент юқори палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Лайло Аслонова Ёшлар парламенти раиси этиб бир овоздан сайланди.

Лайло Аслонова / Фото: Олий Мажлис Сенати

Олий Мажлис Сенатида парламент юқори палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг мажлиси бўлиб ўтди. Унинг ишида Танзила Норбоева ҳам иштирок этди, деб хабар беради Сенат матбуот хизмати.

Қайд этилишича, мажлисда Лайло Аслонова Ёшлар парламенти раиси этиб бир овоздан сайланган. Шунингдек, Иброҳимжон Жўрабоев ҳамда Азизбек Очилбоев Ёшлар парламенти раиси ўринбосарлари этиб тасдиқланган. Бундан ташқари, Ёшлар парламентининг комиссиялари раислари ва уларнинг аъзолари ҳам сайланган.

Ташкилий масаладан сўнг Сенат раиси Танзила Норбоева ўз нутқида Ёшлар парламенти ўз фаолиятида эътибор қаратиши лозим бўлган устувор вазифаларга тўхталиб ўтган.

Шунингдек, Ёшлар парламенти ёшлар ўртасидаги жиноятчиликнинг, болалар ва аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот тадбирларида фаол иштирок этиши, хорижий мамлакатларнинг ёшлар парламентлари билан ҳамкорлик қилиши ва ўзаро тажриба алмашиши лозимлигига ҳам урғу берилган.

«Ёшлар парламенти томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар ва тадбирларни кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва аниқ медиа-режа асосида ишни ташкил қилиш ҳамда уларни ёшлар кўп фойдаланадиган Интернет, ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиб бориш юзасидан тавсиялар берилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Ёшлар парламенти ғояси 2017–2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида эълон қилинган эди. Ёшлар парламенти Сенат ҳузурида ташкил этиладиган юридик шахс мақомига эга бўлмаган жамоатчилик асосида тузиладиган маслаҳат органи ҳисобланади.

Мавзуга оид