Жаҳон | 12:38 / 07.02.2025
4727
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжон Бокудаги Россия уйини ёпилиши ҳақида хабардор қилди

Россотрудничество Озарбойжон ҳукуматидан Россия уйи фаолияти тўхтатилиши ҳақида расмий билдиришнома олди. Агентлик раҳбари Примаковнинг таъкидлашича, Россия Ташқи ишлар вазирлиги вазиятни тартибга солиш устида ишламоқда.

Фото: picture-alliance/dpa/prisma

Хорижда рус маданиятини тарғиб қилувчи ва, хусусан, Бокудаги Россия уйи (рус маданият маркази)ни бошқарадиган Россотрудничество федерал агентлиги Озарбойжон ҳукуматидан фаолияти тўхтатилгани ҳақида расмий билдиришнома олди, деб хабар берди Report.az маҳаллий нашри 6 феврал, пайшанба куни манбаларга таяниб.

«Озарбойжоннинг ўзи донорга айланди ва ташқи ёрдамга муҳтож эмас, айниқса, агар у ноаниқ схемалар асосида ва тузилмаси аниқ разведка характерига эга бўлган ташкилотлар орқали тақдим этилса», — дея изоҳлади нашр манбалари. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)га нисбатан ҳам худди шундай қарор қабул қилинган.

Россотрудничество раҳбари Евгений Примаков Озарбойжон Ташқи ишлар вазирлиги Бокудаги Россия уйи юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмаганлиги сабабли фаолиятини тўхтатишга чақирганини маълум қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Россия уйи билан «вазиятни ҳал қилиш устида ишламоқда», деди Примаков. Унинг сўзларига кўра, Россия уйи ижарага олган биноларни бир ярим ой ичида бўшатишга мажбур бўлади, чунки эгаси уни зудлик билан сотиш ниятини эълон қилган.

Мавзуга оид