Жаҳон | 20:19 / 07.02.2025
51118
6 дақиқада ўқилади

Россияда Ўзбекистон фуқароларига куч ишлатилди

28 январ куни Қозон шаҳридаги Марказий бозорда Россия куч тузилмалари рейд ўтказиб, Ўзбекистон фуқароларига куч ишлатди. Kun.uz билан боғланган ватандошимизга кўра, бундай вазиятларда мигрантлар руҳий босим остида қолади: ёки пул бериб қутулишади ёки депортация бўлишмоқда. «Шу мавзуни олиб чиқинглар, зора кимнингдир назарига тушса», – дейди юртдошимиз.

Жорий йил 28 январ куни Татаристон Республикаси пойтахти Қозон шаҳридаги Марказий бозор – «Колхозный рынок» ҳудудида Россия Федерал миграция хизмати (ФМС) ходимлари томонидан рейдлар уюштирилди. Kun.uz билан боғланган ўзбекистонлик юртдошимизга кўра, ўша кунги рейд давомида Россия кучишлатар тузилмалари Ўзбекистон фуқаролари билан қўпол муносабатда бўлиб, куч ишлатиб олиб кетган.

«У ердаги муомалани кўриб йиғлаб юборади одам. Шунчалик қадрсиз қилинадими? Ишчилар Ўзбекистон фуқаролари. Шу мавзуни олиб чиқинглар, зора кимнингдир назарига тушса», – дейди мурожаатчи. Унинг маълум қилишича, бундай рейдлар 6 феврал куни ҳам содир бўлган.

«ФМС ходимлари кучишлатар тузилмалар билан рейдлар ташкил қилинганда мигрантларнинг аксари руҳий босим остида қолади. Ҳар қанча [пул] бериб бўлса ҳам қутулиб қолсам дейди. Бунақа рейдларда иштирок этаётган ходимлар билишади: мигрантлар кўпинча ўзлари регистрация қилинган жойда яшамайди. Бу қоидабузарликнинг ўзи қонунан 2500 рубл жарима билан ҳал бўлади, лекин ходимлар 5000 рублдан олади. Мигрантнинг ҳужжати йўқ бўлса, яна ҳам кўпроқ олишади. Бундан ташқари, ҳисобот учун, албатта, қанчадир мигрантлар вақтинчалик изоляторга олиб борилади ва кейинроқ депорт қилинади. Баъзиларни муҳлат бериб қўйиб юборишади», — дейди у.

Ватандошимизнинг айтишича, мигрантларга рейдлар асосан ўзбек ва тожиклар йиғилган жойларда бўлади. Рейд вақтида ҳеч нарсага қаралмайди, балки ҳужжати тўлиқ, ҳаттоки яшаш гувоҳномасига эга бўлса ҳам олиб кетаверади. Ҳужжатлар текширилгач қўйиб юборилиши мумкин. Унинг айтишича, фуқароларда Россия-Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилишдан фойда йўқ деган фикр бор.

«Консулхонага мурожаат қилиб ниманидир ҳал қилганлар камчиликни ташкил этади. Навбатлар жуда катта бўлади. Бир ишни қойиллатишмайди, аммо ўз вақтида тушликка чиқишади. Охирги марта борганимизда, 2021 йил эди адашмасам, шеригим бир масалада уришиб чиқиб кетганди. Консуллик ходимларини ўша ерда иш кунини ўтказиб олиш қизиқтиради», — дейди мурожаатчи.

Унинг таъкидлашича, Россиянинг ҳудудларига қараб мигрантларга муносабатлар фарқ қилади.

«Қозон шаҳрининг аксари татарлар ва мусулмон бўлгани учун муомаласи анча яхши. Орган ходимлари кўча-кўйда ҳам хотиржам гаплашади. Аммо Москва ва Санкт-Петербургда мигрантлар бу – ўлжа. Айланиб келиб, ҳар томондан ушлайди. Худди далага қўйиб юборилган бир галани ушлаш машғулотига ўхшайди.

Мен булардан ҳуқуқий ниманидир талаб қилса ёки биздан раҳбарлар келиб гаплашса аҳвол яхши бўлиб қолади деб ўйламайман. Булар унақа нарсани тушунмайди. Халқда тобора миллатпарастлик тарғиботи кўпайяпти. Бу ерда бўлаётган воқеаларни эшитиб йиғлайди одам. Биз ҳам хотиржам ишлаб, яшармиканмиз, деб одамлар умидсиз бўлиб қолган. Қайтинглар ўзингизни қийнамасдан, дейишади, бориб ҳам нима қиламиз?» — дея фикрлари билан ўртоқлашди юртдошимиз.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларнинг бундай аҳволи аслида янгилик эмас. Бу борада қайта-қайта ёзилса ҳам, минбарлардан туриб гапирилса ҳам аҳвол ўзгармаяпти. Айниқса Россия-Украина уруши бошланганидан сўнг қонунсизликнинг авж олиши, урушга аскар етишмовчилиги Россия куч тузилмалари учун энг ҳимоясиз қатлам – мигрантларни ўлжа қилиб қўйди. Масалан, Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикиннинг айтишича, 10 мингдан ортиқ мигрантлар урушга юборилган.

Бундан ташқари, ватанга олтин экспорти тушумидан ҳам кўпроқ пул юбораётган мигрантларга Россиянинг ичида бошқа босимлар ҳам ортиб бормоқда. Хусусан, 2025 йил январь ойида Владимир Путин имзолаган фармонга кўра, мамлакатдаги 600 мингдан ортиқ ноқонуний мигрантлар шу йил 30 апрелгача Россияни тарк этиши ёки ўз ҳолатини қонунийлаштириши шарт.

Шунингдек, Россияда фарзандига рус тилини ўргатмаган мигрантлар жавобгарликка тортиш, патент нархларини ошириш, улар ишлайдиган соҳаларни кескин камайтириш, рус тилини билмайдиган мигрант болаларини мактабга қабул қилмаслик каби ўнлаб чекловлар кучга кириб бўлган. Бундан ташқари рус жамиятда мигрантларга нисбатан нафрат – ксенофобия ошиб бормоқда, аэропортлардан юзлаб фуқароларимизни сарсон қилиб, ортга қайтариб юборишмоқда.

Меҳнат миграцияси: жорий ҳолат, муаммолар ва таклифлар

Булар ҳам етмаганидек, ҳали россиялик амалдорларнинг мигрантларнинг пул ўтказмаларидан бож ундириш, меҳнат шартномаси муддати тугаган мигрантларни мажбурий чиқариб юбориш, Россияга киришда мажбурий тиббий кўрик каби таклифлари ҳам кўриб чиқилиши мумкин.

Kun.uz ушбу мавзу юзасидан кўплаб чиқишлар, экспертлар билан кўрсатувлар ташкил қилиб, мавзуни ёритиб бормоқда. Лекин, бу каби мавзулардаги чиқишларнинг бирортасида Ташқи ишлар вазирлиги ҳам, Меҳнат миграцияси агентлиги ҳам мутахассис ажратиб, очиқ саволларга жавоб бермайди.

Муҳожирларимиз ҳар қанча камситилса ҳам, ТИВдан садо йўқ” — хориждаги ватандошларни ким ҳимоя қилади?

4-5 февраль кунлари Ташқи ишлар вазирлиги, Бандлик вазирлиги ҳамда бошқа идоралар вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Москвага бориб россиялик ҳамкасблари билан учрашувлар ўтказди. Умид қиламиз, зора Россиядаги ватандошларимизга нисбатан куч ишлатиш, урушга тарғиб қилиш тўхтаса ва қонуний ҳуқуқларини таъминлаш бошланса.

Мавзуга оид