Жаҳон | 22:34 / 07.02.2025
3379
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Хитой эҳтиёт қисмларига эга 400 та дрон буюртмасини бекор қилди

Бекор қилинган шартномалар қиймати 22,9 млн долларга баҳоланмоқда. Мамлакат Мудофаа вазирлигига кўра, ХХР учирилган дронлар устидан назоратни қўлга киритиб, уни зарарсизлантириши мумкин.

Фото: Asire News

Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги Ченнайдаги учта компания билан Хитойда ишлаб чиқарилган эҳтиёт қисмлардан фойдаланилган 400 та учувчисиз учиш аппарати бўйича учта шартномани бекор қилди. Times of India’нинг мудофаа идорасидаги манбаларига таяниб ёзишича, дронлардан фойдаланиш устидан назорат тез-тез кузатилаётган техник носозликлар туфайли кучайтирилган.

Бекор қилинган шартномалар қиймати 2,3 миллиард рупийга (22,9 миллион доллар) баҳоланмоқда. Учувчисиз учиш аппаратлари ҳинд ҳарбийларига Хитой билан чегарани мониторинг қилиш учун топширилиши керак бўлган.

«Афсуски, айрим ҳинд компаниялари қуролли кучлар учун ишлаб чиқараётган дронларида Хитойга тегишли эҳтиёт қисмлар ва электроникадан фойдаланмоқда. Бу маълумотлар ва операциялар хавфсизлигини бузадиган жиддий киберхавфсизлик таҳдиди ҳисобланади», — дейди нашр манбаси.

Унинг сўзларига кўра, бу каби эҳтиёт қисмлардан фойдаланиш давом этса, ХХР учирилган дронлар устидан назоратни қўлга киритиб, уни зарарсизлантириши мумкин. 2024 йилда ҳинд ҳарбийлари бир неча бор дронлар фаолиятида техник носозликлар кузатилганини қайд этган.

Ўтган йилнинг декабрида Пекинда Хитой ва Ҳиндистоннинг юқори мартабали вакиллари беш йил ичида илк бор чегараолди муаммоси бўйича учрашув ўтказган эди. Унда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И ва Ҳиндистон миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Ажит Довал иштирок этган.

Мавзуга оид