Россия ва Украина 150 нафардан ҳарбий асирларни алмашди
Асирлар алмашинуви БАА воситачилигида амалга оширилди. Зеленскийга кўра, уйига қайтаётган айрим украиналик ҳарбий хизматчилар икки йилдан ортиқ асирликда сақланган.

Фото: Sputnik
Россия ва Украина ўзаро ҳарбий асирлар алмашувини ўтказди, деб хабар беради РФ Мудофаа вазирлиги.
Қайд этилишича, томонларнинг ҳар бири 150 нафардан асирни озод этган. Асирлар алмашинуви Бирлашган Араб Амирликлари воситачилигида амалга оширилган.
Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, озод этилган россияликлар ҳозирда Беларусда бўлиб, яқин кунларда улар даволаниш ва реабилитация учун Россияга юборилади.
Асирлар алмашинуви бўлиб ўтганини Украина президенти Володимир Зеленский ҳам тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, уйига қайтаётган украиналик ҳарбий хизматчиларнинг айримлари икки йилдан ортиқ вақт давомида асирликда сақланган.
Бундан олдинги асирлар алмашинуви 15 январда бўлиб ўтганди. Ўшанда Москва ва Киев бир-бирига 25 нафардан ҳарбий хизматчиларни топширган. Ундан олдин Украина ва Россия 2024 йил 30 декабрда асирларни алмашганди, бироқ томонлар турли рақамларни кўрсатган. Киев маълумотларига кўра, 189 нафар украиналик, жумладан, икки тинч фуқаро ўз ватанига қайтган. Москва алмашиш «150 га 150» формуласи бўйича амалга оширилганини даъво қилган.