Ўзбекистон Жанубий Корея билан волфрам конини ўзлаштириш имконини ўрганмоқда
Мамлакат элчихонаси кўмагида Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, "Ўзбекистон технологик металлар заводи" АЖ, "Ўзкимёсаноат" АЖ ва Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши вакилларидан иборат делегациянинг Жанубий Кореяга ташрифи ташкил этилди.

Фото: "Дунё" АА
Мамлакат дипломатик ваколатхонаси маълумотига кўра, Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазири ўринбосари Ли Хохён билан мулоқотда Ўзбекистон – Корея Республикаси нодир металлар илмий-технологик маркази илмий ишланмаларини тижоратлаштириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Литий, волфрам, молибден, ноёб тупроқ металлари ва истиқболли уран конларида уларни ўзлаштириш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида Жанубий Корея компаниялари билан биргаликда геологик тадқиқотлар ўтказиш учун Корея Республикаси молиявий ва техник кўмагини жалб этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Жанубий Кореянинг KIGAM институти ва Корея конларни ва минерал ресурсларни қайта тиклаш корпорацияси (KOMIR) билан геологик ресурслар ва георисклар бўйича геоахборот маълумотларини бошқаришнинг замонавий тизимини яратиш бўйича грант лойиҳаси натижалари таҳлил қилинди. 2025 йилга мўлжалланган режалар, жумладан, муҳим минерал ресурсларга эга истиқболли ҳудудларни биргаликда қидириш ва уларни ўзлаштириш учун инвесторларни жалб қилиш бўйича режалар келишиб олинди.
Жанубий Корея компаниялари билан ўтказилган икки томонлама музокараларда Ўзбекистонда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, NEW&NEW компанияси билан биргаликда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Kumho P&B Chemicals ва Lotte Chemical компаниялари билан билан кимё маҳсулотлари, KCC Corporation билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, EcoBio билан чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини қуриш, шунингдек, Shindong Resources билан "Саутбай" волфрам конини ўзлаштириш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.
Жанубий Кореянинг Кимёвий менежмент ассоциацияси билан мамлакат саноат салоҳияти билан танишиш учун йирик кимё компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Ташриф якунлари бўйича Корея Республикаси Геологлар жамияти билан геология соҳасида кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида етказиб бериш занжирларини йўлга қўйиш бўйича қўшма юқори даражадаги мулоқот ўтказиш ҳамда муҳим фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ тадбирлар, янги лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш механизмлари бўйича "йўл харитаси" имзоланди.
Мавзуга оид

08:21 / 16.12.2024
Кореядаги ўзбекистонликлар иш жойини ташлаб кетгани туфайли кафиллардан 2 млрд сўм ундирилди

08:10 / 30.11.2024
Кореяга ишлаш учун борган икки ўзбекистонлик иш жойидан қочиб кетди

11:10 / 10.10.2024
Фуқарони Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди

14:20 / 07.10.2024