Сирдарё вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
Вилоятга янги раҳбар келиши ортидан Воҳид Ибодуллаев ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан кетган.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги
Алишер Бўриевич Хидиров Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари этиб тайинланди, дея хабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати.
Алишер Хидиров вилоятнинг янги раҳбари Эркинжон Турдимовнинг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлайди.
У мазкур тайинловга қадар «Ўзбекистон темирйўллари» акциядорлик жамияти «Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамияти маркетинг ва сервис хизматлари бўйича директори вазифасида фаолият олиб борган.
Хидиров янги лавозимда 2022 йилдан буён ишлаб келган Воҳид Ибодуллаев ўрнини эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилоятига 2022 йил ноябрдан буён раҳбарлик қилиб келган Акмалжон Маҳмудалиев 2025 йил январида ишдан кетиб, унинг ўрнига Эркинжон Турдимов ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.