Жаҳон | 18:16 / 04.02.2025
2765
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда зудлик билан 120 мингта зирҳли нимча чақириб олинади

Британия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари фойдаланиб келган ECBA зирҳли нимчаларида микроёриқлар аниқланди. Шу боис бу турдаги нимчаларнинг 120 мингтаси чақириб олинадиган бўлди.

Фото: AFP

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги британиялик ҳарбий хизматчилар томонидан фойдаланиб келинган ECBA туридаги 120 мингта зирҳли нимча зудлик билан қайтариб олинишини эълон қилди. Текширувлар ушбу зирҳли нимчалар пластиналарида микроёриқларни аниқлаган.

The Guardian’нинг ёзишича, 2023 йилда 120 мингта зирҳли нимча яроқлилик муддати тугагани боис алмаштирилиши керак бўлган. Аммо олдинги ҳукумат маблағларни тежаш мақсадида алмаштириш жараёнларини тўрт йилга кечиктирган.

Лейбористлар ҳукумати вакиллари ҳарбийларга нисбатан «бундай қалтисликка тоқат қилмасликларини» билдирган. ECBA зирҳли нимчалари кўкрак ва орқа қисмида кичик ҳимоя пластинага эга бўлиб, 30 йилдан кўпроқ вақт олдин фойдаланишга қабул қилинган. Пластиналарининг ўлчами ҳимояни чеклагани боис у Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбийлар орасида оммалашмаган.

Таъкидланишича, ҳозирда ушбу зирҳли нимчалардан қўриқлаш бўлинмалари, Ҳарбий-денгиз кучлари, денгиз пиёдаларининг ҳарбий хизматчилари фойдаланиб келади.

Экспертларнинг ҳисоблашича, шу каби зирҳли нимчаларнинг ҳар ўнтадан биттасининг пластинасида микроёриқлар мавжуд. Энди зирҳли пластиналар текширувдан ўтказилади, талабга жавоб бермайдиганлари алмаштирилади. Мамлакат Мудофаа вазирлиги бу қўшимча харажатлар туғдирмаслигига умид қилмоқда.

Мавзуга оид