Ўзбекистонда “Она уйи” хайрия лойиҳаси тақдимоти ўтказилди
1 феврал куни Тошкентда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий етимликнинг олдини олишга қаратилган “Она уйи” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тошкентда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган аёлларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий етимликнинг олдини олишга қаратилган “Она уйи” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. 2024 йилда Ўзбекистонда ишга туширилган ушбу лойиҳа Тошкент ва Самарқандда ўз самарасини исботлади, бу ерда ўнлаб аёллар ва болаларга ёрдам берган учта уй очилди.
Лойиҳа Савдо–саноат палатаси ва Ўзбекистон Респубикаси Президенти ҳузуридаги ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамкорлигида ўзбекистонлик ва қозоғистонлик ишбилармон доиралари вакилларини бирлаштирган ҳолда фаолият бошлаган.
Лойиҳанинг асосий ташаббускори – Қозоғистон тадбиркорлари томонидан ташкил этилган «Ана Үйі» жамоат фонди бўлиб, унинг асосий мақсади Марказий Осиёда ижтимоий етимлик муаммосини ҳал қилишдан иборат.
2024 йилда Ўзбекистонда эришилган дастлабки ютуқлар:
- 60 нафар бола ташлаб кетилмасдан ёки олиб кетилмасдан оналари билан қолди.
- 45 нафар аёл инқирозли вазиятларда, жумладан, оиладаги зўравонлик ҳолатларида ёрдам олди.
Ҳозирда “Она Уйи” хавфсиз жой, ҳуқуқий ва психологик ёрдам ва янги ҳаёт бошлаш имкониятини тақдим этиш орқали аёллар ва уларнинг фарзандлари ҳаётини ўзгартирмоқда.
“Мен бу лойиҳада уч йилдан бери ишлаб келаман. 15 йилдан бери хайрия ишлари билан шуғулланаман ва бизда икки йирик лойиҳа мавжуд. Бир куни дўстим менга етим болалар ҳақида гапирди. У менинг оғриқли нуқтамга тегди, чунки мен ҳам ота – онамдан эрта айрилганман. Бу қандай оғриқ эканини яхши биламан. Ҳар бир бола оиласи бўлишига ҳақли.
Мен тадбиркорман, шахсан бориб ёрдам беришга вақт топилмайдиган пайтлар кўп бўлади. Аммо ишим орқали, яъни молиявий томондан ёрдам бериш имкониятим бор. Тадбиркорнинг вазифаси, аввало, молиявий ёрдам беришдир”, дейди қозоғистонлик тадбиркор Алмаз Тултаев.
Тадбирда иштирок этган етакчи тадбиркорлардан бири Зафар Ҳошимов бу лойиҳадаги иштироки ҳақида гапирди:
“Ижтимоий ҳимоя агентлиги ва Савдо-саноат палатаси тадбиркорларни тўплаб, Қозоғистондаги дўстларимизнинг хайрия ишларини тизимлаштириши яхши тажриба бўлди. 3 та лойиҳа ҳақида гап кетяпти, улардан бири “Она уйи” лойиҳаси. Яъни қийин аҳволга тушиб қолган оналар айрим пайтларда ўз фарзандларидан кечишга мажбур бўлишади. Шундай оналарга яхши шароитлар яратиб бериш, ўша ерда 6-12 ой ичида уларга касб ўргатиш, фарзандлари уларнинг бағрида бўлиши, она учун болани ёки бола учун онани сақлаб қолиш лойиҳасини кўрсатишди. Ўзбекистонда ҳам Тошкентда 2 та, Самарқандда 1 та “Она уйи”ни очиш йўлга қўйилади. Ҳамма вилоят марказларида шундай уйлар бўлиши фойдали ва яхши ташаббус бўларди. Шундай филиаллардан бирига ҳомийлик қилишни бўйнимга олдим”, - деди тадбиркор.
Ўзбекистонда лойиҳани кенгайтириш режаси:
2026 йилга қадар ҳудудларда яна 7 та “Она уйи” марказларини очиш режалаштирилган:
- 2025: Андижон, Бухоро, Урганч.
- 2026: Термиз, Навоий, Жиззах, Гулистон.
Ҳар бир уй қуйидагиларни тақдим этади:
- Аёллар ва болалар учун вақтинчалик бошпана.
- Юридик ва психологик ёрдам.
- Таълим ва меҳнатга йўналтириш дастурлари.
“Она Уйи” тақдимоти бизнес ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим босқич бўлди. Фаол тадбиркор аёллардан бири Луиза Шарахметова аёл ва қизларнинг тадбиркорлик маҳоратларини оширишга қаратилган тренингларни ташкил этиш орқали бу лойиҳага ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилганини таъкидлади.
Мавзуга оид

15:18 / 06.03.2025
“Эзгу Амал” жамғармаси янгиланган низомини эълон қилди

13:54 / 31.01.2025
АҚШда қорбўронли ҳавода пицца ташиган курерга 2 доллар чойчақа беришганидан сўнг интернетда унга 40 минг доллар хайрия йиғилди

20:35 / 30.12.2024
Саида Мирзиёева Ўзбекистонда даволанаётган фаластинлик болалар билан учрашди

23:49 / 08.11.2024