Ўзбекистон | 09:27 / 01.02.2025
3208
2 дақиқада ўқилади

5,3 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган цех аниқланди

Андижон вилояти Хўжаобод туманида корхона оҳак ишлаб чиқаришда 5,3 млрд сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди. 

Фото: Видеодан кадр

Андижон вилояти Хўжаобод туманида кўп миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдаланган оҳак ишлаб чиқариш цехи аниқланди.

«Ҳудудгазтаъминот» хабарига кўра, «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими, «Ўзэнергоинспекция» ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида рейд ўтказилган.

Жараёнда туманнинг Беш қовоқ маҳалласида жойлашган «Б. Б. Б.» МЧЖга қарашли бино текширилган. Натижада лойиҳа техник ҳужжатларисиз, носоз ҳолатдаги газ ҳисоблаш ускунаси билан бир дона оҳак хумдонида 20 дона ностандарт газ ёндиргичлар орқали оҳак тайёрлаш учун табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани маълум бўлди.

Табиий газдан фойдаланиш шартномасида туз ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланиш кўрсатилган бўлса-да, корхона газдан оҳак ишлаб чиқаришда фойдаланган. Бундан ташқари, газ ҳисоблаш ускунаси носозлиги сабаб МЧЖ тармоқдан узилиб, бир марталик тамға ўрнатилган, бироқ раҳбари уни ўзбошимчалик билан бузиб, табиий газдан фойдаланиб келган.

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, табиий газ сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинди ва 5 миллиард 358 миллион сўмлик зарар аниқланди. Барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Мавзуга оид