Ўзбекистон 2027 йилдан картошкага эҳтиёжини тўлиқ ўзи қопламоқчи
Картошкачиликни ривожлантириш учун 400 миллиард сўм ажратилади.

Фото: Getty Images
Ўзбекистонда 2027 йилдан картошкага эҳтиёж тўлиқ ички имконият ҳисобидан қопланиши режалаштирилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 30 январ куни томорқада ва ижарага берилган экин ерларида даромадли маҳсулот етиштиришнинг янги тизими бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинган.
«Ўзбекистонда энг кўп истеъмол қилинадиган маҳсулотлардан бири картошкадир. 290 минг гектарда экилса ҳам, эҳтиёжнинг бир қисми импортдан қопланяпти. Нав ва ҳосилдорлик яхши эмас. Шу боис Картошкачилик илмий-тадқиқот институтига иқлимга мос, серҳосил навларни яратиш, “ин-витро” усулида йилига 3 миллион дона туганаклар етиштириб, тарқатиш вазифаси қўйилди.
Бу йил картошкачиликни ривожлантириш учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 400 миллиард сўм йўналтирилади. Четдан олиб келинадиган уруғлик картошка уч йилга божхона божидан озод қилинади. 2027 йилдан картошкага эҳтиёж тўлиқ ички имконият ҳисобидан қопланиши режалаштирилган», дейилган президент матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш учун техникалар етказиб бериш, деҳқонларга қулай лизинг маҳсулотлари тақдим этиш бўйича топшириқлар берилган.
Картошка билан боғлиқ вазият
Минтақанинг кўплаб мамлакатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам 2025 йил январида картошка нархи қимматлашди.
Янги Қўйлиқ деҳқон бозорида йил бошидан бери картошка нархи 37–85 фоизга қимматлашган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилиб борадиган маълумотларга кўра, 4 январдан 21 январгача бўлган муддатда Янги Қўйлиқ деҳқон бозорида картошканинг минимал улгуржи нархи 3500 сўмдан 6500 сўмгача ёки 85 фоизга, максимал нархи эса 6200 сўмдан 8500 сўмгача ёки 37 фоизга қимматлашган. Катта эҳтимол билан кейинги кунларда бу рақамлар янада ошган.
18 январдан бошлаб Қозоғистон ЕОИИ аъзоси бўлмаган мамлакатлар, хусусан Ўзбекистонга картошка экспортини 6 ойга тўхтатган. Бунга Қозоғистоннинг ўзида ушбу маҳсулот нархи ошиб кетгани сабаб сифатида келтирилган.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги захиралар етарли экани ва нархлар барқарорлигини сақлаш учун зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилганди. Вазирликка кўра, мамлакатда картошкага бўлган йиллик эҳтиёж 4 миллион тоннани ташкил этади. 2024 йилда 3,7 миллион тонна картошка етиштирилган бўлиб, шундан 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган, табиий йўқотиш тахминан 100 минг тонна (3%) бўлиши кўзда тутилган.
Мавзуга оид

20:14
Шавкат Мирзиёев 11 март куни давлат ташрифи билан Францияга боради

14:29
“Чигит экиш муддатини мажбуран белгилаб бериш нотўғри” — мутахассислар

21:18 / 07.03.2025
Шавкат Мирзиёев Тадбиркор аёллар кенгашини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди

20:41 / 07.03.2025