29 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Туркиядан олинадиган ҳарбий дронлар, прокуратура назоратига ўтган яшил энергия, нархларни асоссиз оширган 1300 та дорихона ва Фарғона вилоятидаги янги олийгоҳлар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Ўзбекистон Туркиядан янги ҳарбий дронлар сотиб олади
Ўзбекистон Туркиянинг ANKA SIHA ҳарбий учувчисиз қурилмаларини сотиб олиш бўйича келишув имзолагани айтилмоқда. Туркиянинг TUSAŞ ширкати тез орада ушбу дронларни етказиб беришни бошлайди.
ANKA дрони 30 соатгача ҳавода қолиш ва 350 кг юк кўтариш қобилиятига эга. Очиқ маълумотларга кўра, унинг экспорт нархи 25 млн доллардан ошади. Ушбу қурилмалардан айни пайтда Жазоир, Қозоғистон, Тунис ва Индонезия армиялари ҳам фойдаланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилда BAYRAKTAR TB2 дрони парвозини кузатган ва 2024 йил июн ойида Туркиянинг KAAN қирувчи ҳарбий учоғи тақдимотида иштирок этган. Туркия билан ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳақида музокаралар давом этмоқда.
ИИВ рўйхатидан жой олган 800 минг фуқаро
Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарлик содир этиши ёки ўзгаларга жабр етказиши эҳтимоли бўлган 800 мингдан ортиқ шахс рўйхатини тузди. ИИВ фуқаролар қайси мезонлар асосида бу рўйхатга киритилганини аниқ очиқламаган.
АОКАда ўтказилган брифингда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот котиби Музифа Султонова берган маълумотга кўра, бундай фуқароларнинг 588 минг нафарига ҳуқуқий хулоса берилиб, 400 минг нафарининг муаммолари ҳал қилинган. Бу ишлар профилактика инспекторлари ва маҳалла еттилиги томонидан амалга оширилган.
2025 йилда Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 419 та криминоген маҳалла учун 84 та ҳуқуқ-тартибот маскани очилади. Кейинчалик бу тажриба республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этилади.
Яшил энергия ишлаб чиқариш прокуратура назоратида
Ўзбекистонда 2025 йилда аҳоли, кичик бизнес ва ижтимоий соҳа объектлари истеъмол қиладиган электр энергиясининг 40 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига қопланиши режалаштирилган.
Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов маълумотига кўра, бу мақсадда қуёш батареялари ва сув иситкичлари ўрнатилади. Ушбу чора ишлаб чиқариш таннархини пасайтиришга ҳам хизмат қилади.
Президент топшириқлари устидан қатъий прокурор назорати ўрнатилади. 2024 йилда Тошкентда электр энергиясидан норационал фойдаланишга қарши рейдлар ўтказилган эди. Прокуратура томонидан тадбиркорларга жарима ва электр тармоғидан узилиш ҳақида огоҳлантиришлар берилган.
Шунингдек, «Ҳудудгазтаъминот»даги коррупцияга қарши кураш чоралари ҳам ишлаб чиқилмоқда. Бош прокуратура бу соҳани шаффофлаштириш учун таклифлар тайёрлайди.
1300 дорихонада нархлар асоссиз оширилган
Рақобатни ривожлантириш қўмитаси 1300 га яқин дорихонада дори нархлари асоссиз оширилганини аниқлади. Ушбу ҳолатлар FAIR TECH ягона ахборот тизими орқали ўтказилган мониторинг давомида фош қилинган.
Энг кўп қоидабузарликлар Тошкент шаҳри (228 та), Самарқанд (182 та) ва Тошкент вилояти (134 та) дорихоналарида кузатилган. Бошқа вилоятларда ҳам улгуржи ва чакана савдода референт нархлар сунъий оширилган.
Текширувлар давомида 270 минг ҳолатда умумий 11,6 млрд сўм ноқонуний даромад топилган. Ҳокимият тегишли чоралар кўриб, ортиқча олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтаришни бошлади.
Риштон кулолчилик музейи ташкил этилади
Фарғона вилоятининг Риштон шаҳрида анъанавий кулолчилик тарихи музейи ташкил этилиши ҳақида ҳукумат қарори қабул қилинди.
Янги музейнинг вазифалари қаторига кулолчилик буюмларини тўплаш, сақлаш, ёшларга ҳунар ўргатиш, маданий меросни ёритиш ва чет эл музейлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби йўналишлар киритилди.
Шунингдек, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда экспозицияларни ташкил этиш режалаштирилган.
2025 йил 1 апрелгача музей учун ажратилган бино тўлиқ мослаштирилади ва фаолият бошлайди.
Фарғонада янги олийгоҳлар
Фарғона вилоятига оид яна бир муҳим хабар: вилоятда учта янги университет ташкил этилади
Президент қарорига кўра Ўзбекистонда олий таълим тизимини такомиллаштириш доирасида Фарғона вилоятида учта янги университет қайта ташкил этиладиган бўлди.
Жумладан, Фарғона политехника институти ва ТАТУ Фарғона филиали негизида — Фарғона давлат техника университети;
Қўқон давлат педагогика институти, ТДТУ Қўқон филиали ва Санъат ва маданият институти Фарғона филиали негизида — Қўқон давлат университети;
Жисмоний тарбия ва спорт университети Фарғона филиали эса Фарғона давлат университетига қўшиб юборилади.
2025-2026 ўқув йилидан бошлаб мазкур янги олийгоҳларда дарслар халқаро 300 талик рейтингга кирган ОТМ дастурлари асосида ташкил этилади.
Иқтидорли талабалар учун хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар очилади.
Фарғона давлат техника университети ҳузурида илғор муҳандислик мактаби ва «спин-офф» корхоналари ишга туширилади.
Мавзуга оид

21:10
14 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:32 / 13.03.2025
13 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:38 / 12.03.2025
12 март янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

21:01 / 11.03.2025