Тўқаев Қозоғистонда АЭС қурилишини тезлаштиришни буюрди
Шунингдек, ядро энергияси кластерини ташкил қилиб, иккинчи АЭС қурилиши учун жой излаш топшириғини берди.

Фото: akorda.kz
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев республикадаги биринчи атом электр станцияси (АЭС) қурилишини тезлаштириш ва иккинчи АЭС қурилиши учун жой қидиришни бошлашни буюрди. Бу ҳақда у 28 январ куни ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилди.
«Энергетика тақчиллиги ошиб бораётган бир шароитда биз биринчи АЭС қурилишини жадаллаштиришимиз ва умуман, мамлакатда ядро кластерини яратишни бошлашимиз керак. Бу мамлакатимиз тараққиётини таъминлашнинг муҳим вазифасидир», деди Тўқаев.
У Вазирлар Маҳкамаси ва «Самрук-Казина» жамғармасига атом энергетикасини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
«Ҳар томонлама таҳлиллар асосида бўлажак атом электр станцияларини қуриш учун энг қулай жойлар, шунингдек, замонавий ва хавфсиз технологиялар белгиланиши керак. Ҳукумат ва парламентдан иккинчи атом электр станцияси қурилиши бўйича таклифлар кутаман. Яна бир бор таъкидлайман: мамлакатимиз атом энергетикасига муҳтож, акс ҳолда Қозоғистоннинг изчил ривожланиши сўроқ остида қолади», деди президент.
Ўз навбатида, бош вазир Ўлжас Бектенов яқин вақт ичида Олмаота вилоятида биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича зарур келишувларни тузишга ваъда берди. «Ҳудудларда иккинчи ва учинчи атом электр станцияларини қуриш жойларини аниқлаш бўйича таҳлил ишлари ҳам якунланмоқда», деди бош вазир.
Ўтган йилнинг кузида Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш имконияти бўйича референдум бўлиб ўтган, унда сайловчиларнинг 71,12 фоизи бу ғояни қўллаб-қувватлаган эди. Станцияни Олмаота вилоятининг Улкен қишлоғида Балқаш кўли қирғоғида қуриш режалаштирилган.
Қурилишни халқаро консорциум амалга оширади, унинг таркиби қандай бўлиши ҳозирча номаълум. Аввалроқ, технология етказиб берувчиларнинг эҳтимолий рўйхатига тўртта компания киритилган эди: Хитойнинг CNNC, Кореянинг KHNP, Россиянинг Росатом ва Франциянинг EDF. Консорциум иштирокчилари бўйича қарор 2025 йил биринчи ярмида қабул қилиниши кутилмоқда.
Мавзуга оид

17:23 / 06.03.2025
Тайвандаги атом электр станциясида ёнғин юз берди

12:06 / 02.03.2025
Қозоғистонда ичида ўзбекистонликлар бўлган автобус ЙТҲга учради

18:14 / 28.02.2025
Нукусдан Қозоғистонга янги поезд қатнови йўлга қўйилади

21:03 / 27.02.2025