Болтиқ денгизида яна бир кабел шикастлангани маълум бўлди
Латвия ва Швецияни боғловчи сувости кабелида шикастланиш аниқланди, ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда.

Фото: AFP
Болтиқ денгизида Латвия ва Швецияни боғловчи Латвия радиотелемарказига (LVRTC) тегишли сувости кабели шикастлангани аниқланди. Марказ Вентспилс-Готланд йўналишида маълумотлар узатишдаги узилишларни қайд этди, аммо бошқа йўналишлар ишлашда давом этмоқда. Бу ҳақда LSM портали хабар берди.
LVRTC корпоратив алоқа бўлими бошлиғи Винета Спругаи сўзларига кўра, кабел жиддий шикастланган ва унга ташқи таъсирлар оқибатида зарар етказилган деб ҳисоблаш учун асос бор. Зарар етказилган жой Швециянинг эксклюзив иқтисодий зонасида жойлашган.
Ҳодиса тафсилотлари ўрганилмоқда. Латвия ҳарбий-денгиз кучларининг патрул кемаси аллақачон шикастланган жойни кўздан кечирган ва Россияга йўл олган «Михалис Сан» кемасини текширган. Кема бортида ҳеч қандай шубҳали ҳаракат ёки лангарнинг шикастланиши аниқланмаган.
Бош вазир Эвика Силина воқеа учун масъул вазирлик ва хизматлар йиғилишини ўтказди ва бошқа Болтиқбўйи мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари билан ҳам алоқага чиқди. Терговга Швеция қирғоқ қўриқлаш хизмати жалб этилиши режалаштирилган.
Аввалроқ НАТО Болтиқ денгизидаги муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш учун «Baltic Sentry» миссиясини бошлагани маълум бўлган эди. Унда турли кемалар ва самолётлар, шунингдек, денгиз дронлари кабелларни ҳимоя қилиш учун ҳудудларда навбатчилик қилади.
Аввалроқ, Швецияни Литва билан боғлайдиган Nordbalt сувости энергия кабелида шикастланиш аниқланган эди. Жавобгарлик бошқа кабелларга ҳам зарар етказганликда гумон қилинаётган Хитойнинг Yi Peng 3 юк кемаси зиммасига юкланди.
Декабр ойида Финляндия ҳукумати Россиянинг «махфий флоти» таркибига кирувчи Eagle S танкерини Estlink 2 электр кабели ва тўртта телекоммуникация кабелига лангарини денгиз туби бўйлаб судраб олиб шикастланган деган гумон билан ҳибсга олган эди. Баъзи манбаларга кўра, кема НАТО флоти ва самолётларини кузатиш учун жосуслик ускуналари билан жиҳозланган.
Мавзуга оид

18:55 / 21.02.2025
Латвия Сейми россияликларнинг кўчмас мулк сотиб олишини тақиқловчи қонунни қўллаб-қувватлади

16:46 / 21.02.2025
Болтиқ денгизида Финландия ва Германияни боғлаб турувчи кабелга шикаст етказилди

17:34 / 20.02.2025
Ўзбекистон ва Латвия меҳнат миграцияси бўйича битим тайёрлашга келишиб олди

23:23 / 10.02.2025