“Ўзбекистонда бунақаси битта”: Марҳаматдаги айлана кутубхонага саёҳат
Андижон вилоятининг Марҳамат туманида Ўзбекистонда ягона бўлган айлана шаклда уч қаватли кутубхонада ҳозир 30 мингдан зиёд босма, 400 мингдан ортиқ электрон китоблар мавжуд. Ушбу зиё масканини тадбиркор Қобилжон Обидов Туркиядаги халқ кутубхонасига ҳавас қилиб, қуришга аҳд қилган ва бу ишни 6 ойдаёқ уддалаган.
Қобилжон Обидов муҳташам кутубхона қурилиши ғояси қандай пайдо бўлгани ва зиё масканининг имкониятлари ҳақида сўзлаб берди.
Туркия кутубхонасидан ҳайратлангандим...
“Президентимиз 2020 йили феврал ойида Туркияга давлат ташрифи билан бориб, халқ кутубхонаси очилишида ҳам қатнашганди. Тўғриси, зангори экранда кутубхонани томоша қилиб таъсирландим, унда ўзбек адабиёти вакиллари борлигидан ғурурландим ҳам.

Туркия кутубхонасини кўриб чиндан ҳайратга тушгандим ва мен ҳам ўзимизнинг Марҳамат тумани ёшлари учун кутубхона ташкил қилишга жиддий киришдим. Оила аъзоларим билан бу ҳақда маслаҳатлашдим, ўша йили март ойидаёқ қурилиш ишлари бошланди.
Сентябр ойида қуриб битказиб, фойдаланишга топширдик. Ҳозирги кунда 30 мингдан зиёд босма китоблар, 400 мингдан зиёд электрон китоблар базаси мавжуд. Ҳар куни 200-250 нафар китобхон мавжуд адабиётлардан фойдаланяпти”.
Кутубхонада барча хизматлар бепул
“Ёшлигимизда кутубхоналаримиз кичкина бўларди. Даставвал республика, вилоят кутубхоналарини кўрдим, маслаҳатлашдим, кейин мана шундай замонавий кутубхона очишга қарор қилганман. Бу ерда барча хизматлар бепул, ходимларга ўз ҳисобимдан ойлик тўлайман, 4 нафар ходим ишлайди. Кутубхона очилганда барча бирдек қувонди.
Андижон пахтачилик институти ва Андижон иқтисодиёт институтини тугатганман, иқтисодчиман. 15 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланаман. Охирги 6-7 йилда тадбиркорларга берилаётган имкониятлар сабаб фаолиятимизни ривожлантириб, кутубхона учун ҳам шароит қилолдик. Асосий тадбиркорлигим савдо, маиший хизмат кўрсатиш, шифохона, болалар боғчаси бор. Кутубхонадан ташқари, шахмат ва волейбол мактаби ҳам қурдим.
Қишлоқ жойда қурилган кичик бир бинога президентимиз ташриф буюргач, бошим осмонга етди ва мен учун бу масъулият ҳам бўлди”.
Келажак учун сарфланган маблағ ҳисобланмайди
“Кутубхона қуришни бошлаганимда фойда келтирмаса, нима қиласиз қуриб, шу маблағни бошқа бизнесга тиксангиз бўлмайдими, деганлар кўп бўлди. Китоб учун — ёшлар, Ўзбекистон келажаги учун кетган маблағга заррача ачинмайман ва ҳисобламайман ҳам. Шунинг учун кутубхонага кетган маблағни ҳисоблаб ўтирганим йўқ, керагича сарфладим.
Ёшлигимизда катта шаҳарларда ўқисак, катта кутубхоналарга борсак, шахмат, волейбол майдонлари бўлса, биздан ҳам чемпионлар чиқса, деб орзу қилардим. Шу орзуларим йўлида мана шу ишларни қилдим.
Шахмат мактабимиздан Ўзбекистон ва Осиё чемпионлари чиқди. Кутубхонадан ҳар куни кўплаб ёшлар фойдаланади, шу ерда ўқиб, фойдаланиб олий ўқув юртларига киряпти ёшлар. Мана шулар менинг ютуғим, юртимиз келажаги учун қўшаётган ҳиссам. Ёшларимиз жаҳон ареналарида Ўзбекистон байроғини кўтаряпти.
Кутубхонани қуришдан аввал вилоят ҳокими, архитекторлар билан маслаҳатлашдим. Интернет орқали Германия, Англия, Туркия кутубхоналари билан танишдим. Шундан кейин ўзимизнинг шароитга мослаб, лойиҳани тайёрладик. Кутубхонадан бемалол bookcafe сифатида фойдаланса ҳам бўлади, бунинг учун барча шароитлар етарли.
Кутубхонада ўзбек, қозоқ, инглиз, рус ва бошқа тилларда адабиётлар бор. Бундан ташқари, чет тилини ўрганиш учун ҳам имкониятлар мавжуд. Китоблар танлашда адабиётшунос Шуҳрат Ризаев, навоийшунос олим Олимжон Давлатов, китоб фондини кўпайтиришда эса Ёшлар ишлари агентлиги, Мудофаа вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси яқиндан ёрдам берди.
Бундай ютуқларга эришишимга ота-онам дуолари сабаб деб ўйлайман. Ҳар куни уйдан чиқиб кетаётганимда онам дуо билан кузатади ва албатта, дуолар ижобатини кўриб юрибман”, — дейди Қобилжон Обидов.
Сарвар Зиёев
Мавзуга оид

11:47 / 23.02.2025
Андижонда 11 йил аввал содир этилган жиноят фош этилди

17:49 / 24.01.2025
Андижон вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди

18:35 / 04.01.2025
“Катта миқдорда маош берамиз дейишди” – Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонликка ҳукм ўқилди

11:45 / 29.12.2024