Жаҳон | 00:00 / 24.01.2025
3059
2 дақиқада ўқилади

Лувр директори музейнинг авариявий ҳолатда эканидан шикоят қилди

Музей раҳбарига кўра, Лувр қиммат ва техник жиҳатдан мураккаб капитал таъмирга муҳтож. Музей ташриф буюрувчилар оқимига бардош бера олмай қолиши мумкин.

Фото: Getty Images

Лувр директори Лоранс де Кар музей биноси авариявий ҳолатда эканлиги боис Франция Маданият вазирлигига мурожаат қилди.

Музей раҳбари маданият вазири Рашида Датига йўллаган мактубида «Лувр хоналарининг аҳволи ҳақида, уларнинг айримлари жуда ёмон ҳолатда экани» тўғрисида маълумот берган.

Де Карнинг сўзларига кўра, хоналарнинг айримларига сув ўтиш хавфи бор, бошқаларида эса ҳарорат ўйнаб туради — бу санъат асарларига зиён етказиши мумкин.

Де Кар Лувр қиммат ва техник жиҳатдан мураккаб капитал таъмирга муҳтож эканини маълум қилди. Лувр директори музей ташриф буюрувчилар оқимига бардош бера олмай қолишидан хавотирини билдирган. 2024 йилда Луврга жами 8,7 миллион инсон ташриф буюрган — бу музей хизмат кўрсатиши керак бўлган кўрсаткичлардан икки баробарга кўп.

Де Кар 2021 йилда Лувр директори этиб тайинланганидан кейин у бир кунда музейга ташриф буюрадиган меҳмонлар сонини 30 минг кишигача чеклаган ва иш вақтини узайтирган. Шунингдек, у шиша пирамидадан ташқари яна бир кириш йўлагини очишни таклиф қилган, аммо бу қарор ҳозирга қадар амалга оширилмаган.

Лувр – энг кўп томошабин ташриф буюрувчи музей бўлиб, йилига 10 миллион кишилик маррани бундан 10 йил муқаддам забт этган. Ҳозирга қадар ҳам бирор музей бундай кўрсаткич билан мақтана олмайди. Француз революцияси тузилган 1793 йилдаёқ жамоатчилик учун очилган бу маскан француз қиролларининг саройи ва маъмурий бинолари жамланмаси бўлган. «Лувр» атамасининг маъноси «Бўрилар ўрмони» деган маънони беради. Сарой мана шу номли ўрмонда тиклангани боис атама музейга боғланиб қолган.

Мавзуга оид