Европанинг ҳам ўз “Темир гумбаз”и бўлиши керак — Зеленскийнинг Давосдаги нутқи
“Урушлар пайтида ҳамма “ишқилиб АҚШ мен билан қолармикан”, дейди. Лекин АҚШда кимдир бир кун келиб Европа бизни ёлғиз ташлаб қўйса-я, биз билан иттифоқчи бўлмай қўйса-я, деб хавотирга тушадими? Йўқ”, – дея таъкидлади Украина президенти.

Фото: Жаҳон иқтисодий форуми / Ciaran McCrickard
Украина президенти Владимир Зеленский Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида сўзга чиқиб, Европанинг жаҳон саҳнасидаги роли, энергетик мустақиллик, технологик етакчилик ва бирдамлик масалаларига тўхталди.
“Ҳозир ҳамманинг эътибори Вашингтонда. Европани ким кузатяпти? Бу – Европа олдидаги катта савол”, – деди у нутқи аввалида.
“20 соат олдин Вашингтонда президент Трампнинг инаугурацияси бўлиб ўтди. Ва энди ҳамма унинг нима қилишини кутмоқда. Унинг илк фармонлари аллақачон аниқ йўналишларни кўрсатиб турибди.
Ҳозир дунёда кўпчилик ўйлаяпти: уларнинг Америка билан муносабатларига нима бўлади? Иттифоқларга нима бўлади? Қўллаб-қувватлаш-чи? Савдо алоқалари-чи? Президент Трумпнинг урушларни тугатиш режалари қанақа?
Лекин ҳеч ким Европа ҳақида бундай саволларни бермаяпти. Буни тан олишимиз керак”, – деди Зеленский.
“Урушлар пайтида ҳамма “ишқилиб АҚШ мен билан қолармикан”, дейди. Лекин АҚШда кимдир бир кун келиб Европа бизни ёлғиз ташлаб қўйса-я, биз билан иттифоқчи бўлмай қўйса-я, деб хавотирга тушадими? Йўқ”, – дея таъкидлади Украина президенти.
У ўтган йили Сингапурда бўлиб ўтган Осиё хавфсизлиги саммити – Шангри-Ла диалогини ёдга олди. Ўшанда АҚШ делегацияси вакиллари очиқчасига ўзларининг хавфсизлик бўйича асосий устувор йўналишлари Ҳинд–Тинч океани минтақаси, иккинчиси Яқин Шарқ ва Форс кўрфази, ва фақат учинчи навбатдагина Европа эканини очиқ айтганди, дейди Зеленский.
“Бу аввалги маъмурият даврида эди. Президент Трамп-чи, у Европани назарга иладими? У НАТОни зарур деб биладими? У Европа Иттифоқи институтларини ҳурмат қиладими?
Хонимлар ва жаноблар, Европа ўз иттифоқчилари учун иккинчи ёки учинчи ўринда туришни ўзига раво кўра олмайди. Агар шундай бўладиган бўлса, дунё Европасиз ўз йўлида юра бошлайди”, – деди Украина раҳбари.
“Унутмайлик – Европа мамлакатларини Россиядан ажратиб турадиган океан йўқ. Шимолий Корея аскарлари иштирокидаги жанглар энди географик жиҳатдан Пхеняндан кўра Давосга яқинроқ жойларда содир бўлмоқда – Европа етакчилари буни ёдда тутишлари керак.
Россия ҳам инсон ҳаёти ҳеч нарсани англатмайдиган Шимолий Кореяга ўхшаб боряпти. Уларда ядровий қурол ва қўшниларининг ҳаётини барбод қилиш истаги бор.
Гарчи Россиянинг умумий иқтисодий салоҳияти Европаникидан анча кичик бўлса ҳам, бутун Европадан бир неча баравар кўп ўқ-дорилар ва ҳарбий техника ишлаб чиқаряпти”, – таъкидлади Зеленский.
У Россия Эрон билан янги стратегик битим имзолагани, аввалроқ Шимолий Корея билан ҳам кенг қамровли шартнома тузганини эслатди.
“Бундай таҳдидларга фақат биргаликда қарши туриш мумкин. Ҳатто армия ҳажми ҳақида гап кетганда ҳам. Россия 1,3–1,5 миллионга яқин қўшин тўплай олади. Бизнинг армиямизда 800 мингдан ортиқ аскар бор. Биздан кейин иккинчи ўринда Франция, 200 мингдан ортиқ; кейин Германия, Италия ва Буюк Британия. Қолганларда камроқ. Ҳозир битта давлат ўзини ўзи ҳимоя қила оладиган вазият эмас”, – дея қайд этди Украина етакчиси.
Зеленскийнинг фикрича, Эрон режимининг таъсири заифлашиб бормоқда. Бу эса Сурия ва Ливанга умид бахш этади. Бу мамлакатлар ҳам, Украина каби, урушдан кейин ҳаёт қандай тикланишига мисол бўлишлари керак.
“Украина янги Сурияни қўллаб-қувватлаш учун аллақачон қадам ташламоқда. Вазирларимиз Дамашқда бўлди ва биз Сурияга "Украинадан озиқ-овқат" деб номланган озиқ-овқат ёрдами дастурини ишга туширдик. Ҳамкорларимизни ушбу етказиб бериш ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш корхоналарини қуришга сармоя киритишга жалб қилмоқдамиз. Европа бутунлай Сурия учун хавфсизлик донорига айланиши мумкин – бу томондан бош оғриғини тўхтатиш вақти келди”, – деди у.
Сиёсатчи Хитойнинг Россияга таъсири кескин ортиб бораётганига тўхталиб, Трамп Украинадаги урушнинг якунини муҳокама қилишда Россия ва Хитой билан музокара ўтказиб, Европани эшитиб ҳам ўтирмаслиги мумкинлигини айтди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Eвропа ўзига “ғамхўрлик қилишни ўрганиши керак”, яъни мудофаага харажатларини ошириш зарур.
“Бизга Европанинг ягона хавфсизлик ва мудофаа сиёсати керак ва барча Европа давлатлари хавфсизликни таъминлаш учун кўп йиллар давомида ўрганиб қолган даражасида эмас, балки ҳақиқатан ҳам зарур бўлган миқдорда маблағ сарфлашга тайёр бўлиши зарур.
Агар мудофаа учун ЯИМнинг 5 фоизи керак бўлса, унда шундай бўлсин. Бу масалада одамларнинг ҳис-туйғулари билан ўйнашишнинг ҳожати йўқ: мудофаа харажатларини ошириш дори-дармон, пенсия ёки бошқа нарса ҳисобидан бўлиши адолатдан эмас”, – деди украинлар етакчиси.
У Украина Европадаги ҳамкорлари билан “дунёда ҳеч кимда йўқ мутлақо ноёб” дронлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани, ҳамкорликда артиллерия ҳам ишлаб чиқараётгани, ва бу ҳарбий саноат комплекслари “дунёнинг бошқа мамлакатларига қараганда анча арзон ва тезроқ” ишлаётганини қайд этди.
“Украина дронларини ишлаб чиқаришга сармоя киритиш нафақат Европа хавфсизлигига, балки Европанинг бошқа муҳим минтақалар учун хавфсизлик кафолати бўлиш қобилиятига ҳам сармоя киритиш демакдир.
Энди биз биргаликда ҳаво мудофаа тизимларини – ҳақиқатан ҳам барча турдаги қанотли ва баллистик ракеталарга бардош бера оладиган тизимларни қура бошлашимиз керак. Европага ҳар қандай таҳдидни бартараф эта оладиган “Темир гумбаз”нинг ўзига хос версияси керак”, – деди Украина президенти.
Володимир Зеленский ўз нутқида Европа Россия энергоресурсларига қарамлигидан тўлиқ қутулиши кераклигини қайд этди. Минтақа сунъий интеллект соҳасида АҚШдан ҳам, Хитойдан ҳам ортда қолаётгани, технологик ва иқтисодий бу ортда қолиш сиёсий заифликка айланишини айтди.
“Қурол ишлаб чиқаришдан технологияни ривожлантиришгача – Европа етакчилик қилиши керак.
Eвропа дунёдаги энг жозибали бозорга айланиши керак – ва бунга эришиш мумкин.
Ва ниҳоят, Европа ҳамма учун – ҳам ўзи, ҳам ўзига муҳим ҳамкорлари учун – тинчлик ва хавфсизликни кафолатлай олиши керак.
Eвропа кучли бўлишга муносиб. Бунинг учун эса Европага Европа Иттифоқи ва НАТО керак. Украинасиз ва Россиянинг Украинага қарши урушини адолатли якунламасдан бундай бўлиши мумкинми? Ишончим комилки, йўқ”, – таъкидлади Зеленский.