Жамият | 23:18 / 21.01.2025
4097
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда қалбаки АҚШ долларини ўтказган шахслар ушланди

Улар тадбиркорларга тегишли шохобчадан бошқа фуқаролар пластик картасига пул ўтказган ва эвазига қалбаки 500 долларни берган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Самарқанд вилояти Нарпай туманида қалбаки долларни сотган шахслар қўлга олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департмент.

Қайд этилишича, департаментнинг Нарпай тумани бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда О.Э. ва Ж.С. исмли шахслар ўзаро тил бириктириб, «Мирбозор бозори» МЧЖ ҳудудида Paynet хизмати билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлар О.Ж. ва Д.Р.нинг шохобчасидан бошқа фуқаролар пластик картасига жами 5,6 миллион сўм пулларни ўтказиб, эвазига қалбаки 500 АҚШ долларини бергани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябр ойида Тошкентда қалбаки 9 минг долларни сотмоқчи бўлганлар ушланган эди. Декабрда эса Жиззахда 1 миллиард сўмлик қалбаки пул сотмоқчи бўлган шахслар қўлга тушгани тўғрисида хабар берилганди.

Мавзуга оид