Иқтисодиёт | 18:08 / 21.01.2025
4767
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2024 йилда газ импортини 2,4 баробарга, газ экспортини 18 фоизга оширди

Ўзбекистон 2024 йил давомида Россия ва Туркманистондан 1,7 млрд долларлик газ сотиб олди. Бу – 2023 йилга нисбатан 2,4 баробарга, 2022 йилга нисбатан 6 баробарга кўп. Ўтган йили, шунингдек, газ экспорти қиймат жиҳатдан 18 фоизга ошиб, 628 млн долларга етган.

Фото: Андрей Рудаков / Bloomberg

Ўзбекистон 2024 йилда 628 млн долларлик газ экспорт қилиб, бундан 2,5 баробар кўп – 1,68 млрд долларлик газ импорт қилди. Бу Статистика агентлиги эълон қилган ҳисоботдан маълум бўлмоқда.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистоннинг газ импорти бир йил ичида қиймат жиҳатдан 2,4 баробарга ошган. 2023 йилда Туркманистон ва Россиядан 694,9 млн долларлик газ сотиб олинган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 1,68 млрд долларга етган.

Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотлари асосида Kun.uz диаграммаси

2024 йилдаги зангори ёқилғи импортини 2022 йил (281,9 млн доллар) билан таққослаганда, ўсиш 6 баробарни ташкил этади.

Ўтган йили газ экспорти ҳам ошган. 2023 йилда хорижга 529,9 млн долларлик газ етказиб берилган бўлса, 2024 йилда экспорт қиймати 18,4 фоизга ошиб, 627,6 млн долларни ташкил этди. Экспорт ўтган йили июн ойидан бошлаб кескин фаоллашган.

Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотлари асосида Kun.uz диаграммаси

Газ экспорти ва импорти қийматлари ўртасидаги манфий фарқ 985,1 млн долларга тенг бўлди.

Ўзбекистон илк марта табиий газнинг нетто импортчисига айланган 2023 йилда ушбу фарқ 165 млн доллар бўлганди.

2024 йилнинг декабр ойида 34,2 млн долларлик ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 67 фоизга кўп газ экспорт қилинган. Йилнинг сўнгги ойида 127,9 млн долларлик газ импорт қилинган бўлиб, бу 2023 йилнинг декабрига нисбатан 3,3 фоизга кам.

Мавзуга оид