Ўзбекистон | 19:48 / 21.01.2025
4108
5 дақиқада ўқилади

21 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Пахта етиштиришда янги тартиб, картошка қимматламаслигига ишонтирган вазирлик, давлат идораларида кучайтириладиган молиявий интизом ва аҳоли даромадларини ошириш учун чоралар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Пахта етиштиришда янги тартиб

Ўзбекистонда пахта етиштириш ва савдоси бўйича янги бозор механизмлари жорий этилди.

2025 йил пахта ҳосилидан бошлаб, фермерлар биржада харидорлар таклифларини танлаб, фючерс, форвард ёки спот шартномаларини тузиш имконига эга бўлади. Бошланғич нарх Ню Йорк биржасидаги охирги 6 ойлик ўртача котировкалар асосида аниқланади.

Президент фармонига мувофиқ, пахта савдолари ҳар бир ҳудуд бўйича Республика товар-хомашё биржаси платформасида ўтказилади. Фермерлар ва қайта ишловчилар шартномаларни эркин танлов асосида расмийлаштиради. Барча келишувлар Агроплатформа ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилади.

Вазирлик картошка нархи ошмаслигига ишонтирмоқда

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қозоғистонда картошка экспортига қўйилган чекловлар Ўзбекистонда картошка нархига таъсир қилмайди деб ишонтирмоқда. Қиш-баҳор мавсуми учун картошка захираси етарли. Ўзбекистоннинг картошкага бўлган эҳтиёжи йилига 4 млн тоннани ташкил этади, 2024 йилда 3,7 млн тонна ҳосил йиғилган. Бу ҳосилдан 600 минг тоннаси уруғлик учун захира қилинган, табиий йўқотиш эса 100 минг тонна атрофида.

Импорт фақат Қозоғистонга боғлиқ бўлиб қолмаган, Покистон, Қирғизистон ва Афғонистондан ҳам картошка олиб келинган. 2025 йил январ–май ойларида Эрон ва Покистондан 200 минг тонна картошка импорт қилиниши кутилмоқда.

Сурхондарё вилоятидаги дала майдонларида етиштирилаётган картошка ҳосили мартнинг иккинчи ярми ва апрел ойларида бозорларга чиқарилади. Нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида захирадаги картошка ҳар 10 кунда 15–25 минг тоннадан ички бозорга чиқарилиши режалаштирилган.

Давлат идораларида молиявий интизом кучайтирилади

Ҳисоб палатасининг 2024 йилдаги фаолияти натижалари ва 2025 йилга мўлжалланган вазифалар тақдимоти билан танишган президент Шавкат Мирзиёев молиявий интизом ва тежамкорликка қатъий амал қилиш зарурлигини қайд этди.

2024 йилда Ҳисоб палатаси бюджетга 3,7 трлн сўм қўшимча тушумлар келтириб, вазирлик ва идораларнинг 9,2 трлн сўмлик самарасиз харажатларини мақбуллаштирган. Шунингдек, 2,3 трлн сўмлик молиявий камчиликлар олди олинган ва давлат харидларидаги 4,5 трлн сўмлик хато-камчиликлар бартараф этилган.

Жорий йилда ҳам мазкур ишлар изчил давом эттирилади. «Масофавий аудит» автоматлаштирилган тизимига 110 та вазирлик ва идораларнинг маълумотлари интеграция қилиниб, 480 трлн сўмлик бюджет харажатлари мониторинги йўлга қўйилади. Бу орқали давлат харажатлари ва даромадлари устидан назоратни кучайтириш мақсад қилинган.

2025 йилда бюджетга 309 трлн сўм даромад тушишини таъминлаш чоралари кўрилиб, молиявий интизом барча идораларда қатъий назорат қилинади.

Аҳоли даромадларини ошириш ва бандликни таъминлаш

2025 йилда аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилади. Президент қарорига мувофиқ, бу йил 5,2 млн аҳолини иш билан банд этиш мақсад қилиб қўйилган.

Камбағал оилалар иштирокида 20 минг гектар ўрмон фонди ерларида саноатбоп, манзарали ва мевали дарахтлар етиштирилади. Шунингдек, кўчатхоналар ташкил этилиб, доривор ўсимликлар етиштиришга қаратилган лойиҳалар амалга оширилади. Наманган, Тошкент ва Хоразмда паррандачилик соҳасида замонавий корхоналар барпо этилиб, маҳсулотларни қайта ишлаш ва музлаткичли омборхоналар қуриш режалаштирилган.

2025 йил 1 июлдан «Экофаол фуқаро» платформаси орқали ўзи эккан дарахтлар ҳақида маълумот киритган камбағал оилалар аъзоларига ҳар 100 та дарахт учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида субсидия ажратилади. Бундан ташқари, 100 гектар майдонда бруссонетия дарахтини етиштириш бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилади.

Камбағал оилалар аъзоларига субсидия

Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзолари учун қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш учун БҲМнинг 10 бараваригача миқдорда субсидия ажратилади. Бу президентнинг «2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Оғир тоифадаги 300 маҳаллада 180–500 kW қувватга эга қуёш фотоэлектр станциялари барпо этилади.

Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежи негизида 2025 йил 1 декабргача креатив соҳалар кластери ташкил қилинади. Шунингдек, Касбий кўникмалар марказларида иш берувчилар буюртмаси ва банклар эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини касбларга манзилли ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

2025 йил 1 мартдан бошлаб касб-ҳунар ўқув жараёнларини рақамли назорат қилиш тизими жорий этилади. 2025 йил 1 апрелдан эса 12 та янги касб йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этилади.

Миллий гвардия ходими энди ўзини таништиради

Ўзбекистон Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, Миллий гвардия ходимлари фуқаролар билан мулоқотга киришганда ўзини таништириш ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини тушунтириш мажбуриятини олади.

Лойиҳа Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда маъқулланди.

Мавзуга оид