Хитой дунёдаги энг катта автомобил ташувчи кемасини сувга туширди
Улкан кема BYD автоконцернига тегишли. У бир вақтнинг ўзида 9,2 минг донагача автомобилни ташишга қодир.

Фото: Car News China
Хитойнинг BYD конгломерати автомобил ташишга мўлжалланган дунёдаги энг катта кема — Shenzhen’ни сувга туширди. Шанхай шимоли-ғарбидаги портдан ҳаракатини бошлаган кема компания асос солинган шаҳар шарафига номланган, деб хабар беради Car News China.
Қайд этилишича, кеманинг узунлиги 219 метрни, эни эса 37,7 метрни ташкил этади. У бир вақтнинг ўзида 9,2 минг донагача автомобилни таший олади.
Шэнжэнда жойлашган автомобил ишлаб чиқарувчи ўзининг транспорт воситаларини ташийдиган BYD Explorer кемасини 2024 йил январда сувга туширганди. Унинг ортида 2024 йил декабрда BYD Changzhou фойдаланишга топширилди ва у бортида 5 мингта электромобил билан Европага йўл олди. 2025 йил бошида BYD 7 минг автомобил сиғадиган BYD Hefei ташувчисини тақдим этганди.
BYD Shenzhen концерннинг автомобилларни ташишга мўлжалланган тўртинчи йирик кемаси ҳисобланади. Компания режаларига кўра, 2026 йилга бориб унинг ихтиёридаги бу турдаги кемалар сони саккизтани ташкил этиши керак.
BYDʼнинг таъкидлашича, Shenzhen автомобилларни ташишга мўлжалланган дунёдаги энг экологик тоза кема ҳисобланади. У бир вақтнинг ўзида электр энергияси, суюлтирилган газ ва анъанавий денгиз ёнилғисида ишлай олади. Шунингдек, Shenzhen BYDʼнинг ўзига тегишли аккумуляторлар билан жиҳозланган. Компания унинг тафсилотларини ошкор этмади, аммо тахминларга кўра, ушбу аккумуляторлар ёнилғи сарфини камайтириш учун хизмат қилади.
BYD 2024 йилда 417 мингдан зиёд автомобилини экспорт қилган — бу ундан олдинги йилга нисбатан 71,9 фоизга кўп. Ўтган йили компания бутун дунё бўйлаб 4,25 миллион дона енгил автомобил сотган. Ҳозирда компания савдоларининг қарийб 10 фоизи экспорт ҳисобига тўғри келади.
Мавзуга оид

08:00 / 10.02.2025
Тошкентда BYD ва автобус ўзаро тўқнашди

23:20 / 02.01.2025
Хитойнинг BYD компанияси электромобиллар савдоси бўйича Tesla’га яқинлашмоқда

13:53 / 25.12.2024
Бразилияда BYD заводи қурилиши тўхтатилди

18:00 / 05.12.2024