Ўзбекистон | 22:34 / 20.01.2025
4151
6 дақиқада ўқилади

20 январ янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Бойсундаги газ конида ёнар булоқлар, қўллари кесилган чақалоқ, ваҳимали ёлғон хабар тарқатганларга берилган жазо ва Волгабўйидан келаётган қорли ҳаво — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Бойсундаги газ конида ёнғинли майдонлар

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конида оловли майдонлар ҳосил бўлгани ҳақида хабар берилди. Kun.uz таҳририятига юборилган видеотасвирларда коннинг айрим қисмларидан газ сизиб чиқиб, бир неча ўт ўчоқлари ҳосил бўлгани акс этган.

Маҳаллий аҳолининг маълум қилишича, газ чиқиши оқибатида катта қудуқлар атрофида кичик-кичик тирқишлар пайдо бўлган ва улар ёқиб қўйилган. Ҳудудда ҳали ҳам газ сизиб чиқаётган ўт ўчоқлари борлиги, уларни кузатиш учун махсус назоратчилар қўйилгани айтилади.

Олинган маълумотларга кўра, назоратчилар ҳар бир газ чиқиш нуқтасига жойлаштирилган. Ҳудудда 18-19 та кичик майдонда газ чиқиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Айрим фуқаролар сассиқ газ ҳиди сезилмаётганини, лекин вазиятдан ташвишда эканликларини таъкидламоқда.

Kun.uz ҳолат бўйича Энергетика вазирлигига мурожаат қилган, аммо ҳозирча расмий жавоб олинмаган. Эслатиб ўтамиз, «М25» конидаги муаммолар 2024 йил сентябр ойидаги авариядан кейин бошланган. Ушбу ҳодисада аҳоли кўчирилган, иккинчи аварияда эса пудратчи компаниянинг 4 ходими ҳалок бўлган.

Ноябр ойида коннинг яна портлагани ва бу ҳодисадан кейин ёнғин ва бадбўй ҳиднинг камайгани хабар қилинган эди. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўшанда вазиятни барқарорлаштириш 2-3 ой вақт олишини маълум қилган.

Чақалоқнинг қўллари кесилди

Тошкентдаги 1-сон болалар шифохонасида 2 ойлик чақалоқнинг қўли ампутация қилинишига оид ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнот берди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотга кўра, чақалоқнинг қўли гангрена туфайли кесилган.

Расмий маълумотга кўра, чақалоқ 2024 йил 9 декабр куни юқори тана ҳарорати, йўтал ва безовталик аломатлари билан шифохонага ётқизилган. Дастлаб унга шифохонадан ташқари пневмония ташхиси қўйилган ва чақалоқлар патологияси бўлимига жойлаштирилган. Кейинги текширувлар натижасида чақалоқда сепсис, септисемия, Covid-19 пневмонияси ва туғма юрак нуқсони аниқланган.

Даволаниш жараёнида чақалоқнинг қўлида чап елка артерияси тромбоэмболияси ва қон айланишининг кескин бузилиши қайд этилган. Бу ҳолат унинг ҳаётига хавф солгани учун ота-она розилиги асосида шифокорлар қўлини кесишга мажбур бўлган.

Ҳозирда чақалоқнинг ҳолати барқарор деб баҳоланмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви бошланганини ва натижалари ҳақида қўшимча маълумот тақдим этилишини билдирди.

Ёлғон хабар тарқатганлар жазоланди

Қашқадарё вилоятида Ҳисорак сув омбори ҳақида ёлғон хабар тарқатган икки шахсга суд ҳукми ўқилди. Ёлғон маълумот тарқатилиши оқибатида 150 дан ортиқ оила ўз уйларини ташлаб, вақтинча бошқа ҳудудларга кўчиб ўтди. Ушбу ҳаракатлар натижасида жами 380 млн сўмга яқин зарар келтирилди.

2024 йил 10 июн куни Ҳисорак сув омборида туннел ёрилиши ва сув сизиб чиқиши ҳолати кузатилган. Вилоят ҳокимлиги ва ФВБ масъуллари вазият назоратда эканини таъкидлаб, аҳолини тинчлантирган бўлса-да, икки шахс ижтимоий тармоқларда ҳақиқатни яширилаётгани ҳақида ёлғон ахборот тарқатди.

Суд уларни Жиноят кодексининг ёлғон ахборот тарқатишга оид моддаси бўйича 2 йиллик озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди. Шунингдек, уларга интернетдан фойдаланиш ва оммавий тадбирларда иштирок этиш, Қашқадарё вилояти ҳудудини тарк этиш тақиқланди.

Қарийб 36 минг ўзбекистонлик хорижга ўқишга кетган

2024 йилда 35,9 минг нафар Ўзбекистон фуқароси хорижга ўқишга йўл олган.

Энг кўп ўзбекистонликлар таҳсил олиш учун Тожикистонга борган – уларнинг сони 12 минг 809 нафарни ташкил этди. Иккинчи ўринда Россия бўлиб, бу ерга 8 минг 629 нафар фуқаро ўқишга кетган. Учинчи ўринда Қирғизистон турибди – 3 минг 953 нафар.

Ҳафта мобайнида ёмғир ва қор ёғиши кутилмоқда

Ўзбекистонга Волга томонидан нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келмоқда. Сешанба куни кўп жойларда ёмғир ёғади, шимолда эса қорга айланиши мумкин. Ҳарорат кундузи +5...+10 даража, кечаси 0...+5 даража бўлиши кутилмоқда.

Чоршанбадан бошлаб ёғингарчилик кўпайиб, айрим ҳудудларда ёмғир қорга айланади. Ҳарорат 0...+5 даражага тушади. Пайшанбада эса марказий ва шарқий ҳудудларда қор ёғиши мумкин. Шимолда ҳарорат кечаси –8...–13 даражагача пасаяди.

Жума куни ёғингарчилик кутилмайди, лекин туман кузатилиши мумкин.

Коррупционер ҳоким ёрдамчилари

2024 йилда Ўзбекистонда жами 5716 та коррупцион жиноят содир этилган бўлиб, уларда 6898 нафар шахс иштирок этган. Бу ҳақда Антикоррупция агентлиги маълумот берди.

Хусусан, ҳоким ёрдамчилари 309 та коррупцияга оид жиноят содир этган. Коррупция ҳолатлари кўпроқ Тошкент вилояти, Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида аниқланган. Энг кам ҳолатлар эса Бухоро ва Хоразм вилоятларида кузатилган.

Коррупция камайган соҳалар қаторига «Ҳудудгазтаъминот», сув хўжалиги ва маҳаллий ҳокимликлар кирган бўлса, олий таълим, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида жиноятлар ошган. Мактаб таълими ва соғлиқни сақлаш соҳаларида эса юқори даража сақланиб қолган.

Агентликка келиб тушган 4176 та мурожаат натижасида 41 та тақдимнома киритилиб, атиги 6 та жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид