Жаҳон | 09:21 / 18.01.2025
4195
3 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ Беларусдаги сайловларни кузатишдан бош тортди

ЕХҲТ Беларусдаги президентлик сайловларига кузатувчиларни юборишдан кечикиб келган таклиф туфайли бош тортди. АҚШ Давлат департаменти сайловлар ишончли эмаслигини билдирди.

Фото: Vasily Fedosenko / Reuters

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) 6 феврал куни Беларусда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига кузатувчиларни юбормайди. Бу ҳақда 17 январ, жума куни ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси X ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Минскдан кечиккан таклиф

9 январ куни ДИИҲБ баёнот бериб, Беларус ҳукумати ЕХҲТ кузатувчиларини президентлик сайловларига таклиф қилмаганидан афсус билдирди. «Беларус ҳукуматининг ЕХҲТ давлатларини ДИИҲБ орқали бўлажак президентлик сайловларини кузатишга таклиф қилмаслик ҳақидаги қароридан чуқур афсусдаман, бу эса мамлакат фуқароларини бутун жараённи шаффоф ва тўлиқ баҳолашдан маҳрум қилади», деди ДИИҲБ директори Мария Телалян.

ЕХҲТ Парламент ассамблеяси раҳбари Пиа Каума сўнг Минск 1990 йилдаги Копенҳаген ҳужжатини имзолагани учун ўз сайловларига ЕХҲТнинг бошқа давлатларидан кузатувчиларни таклиф этишга мажбур эканлигини эслатди. Унда айтилишича, «ҳам чет эллик, ҳам миллий кузатувчиларнинг иштироки сайлов жараёнининг ишончлилигини ошириши мумкин» ва шунинг учун давлатлар «ЕҲҲТга аъзо бўлган бошқа ҳар қандай давлатдан ва буни хоҳлайдиган ҳар қандай тегишли хусусий муассаса ва ташкилотлардан кузатувчиларни таклиф қиладилар». 

ЕХҲТнинг 9 январдаги баёнотида таъкидланишича, 2020 йил август ойида бўлиб ўтган президентлик сайловларидан буён ДИИҲБ ўз вақтида таклиф қилинмагани учун Беларусдаги сайловларни учинчи марта кузата олмайди.

17 январ, жума куни Беларус Ташқи ишлар вазирлиги Facebookʼда ДИИҲБга сайловни кузатиш учун таклиф юборишини ёзди. Минскда таъкидланишича, бугунги кунга қадар МСК 49 давлатдан 456 нафар халқаро кузатувчини аккредитация қилган. МДҲ Ижроия қўмитаси ва Парламентлараро ассамблеяси, КХШТ Парламент ассамблеяси, Иттифоқ давлати Парламент йиғилиши ва Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига таклифномалар келиб тушган, дея хабар берди Ташқи ишлар вазирлиги.

ДИИҲБ кузатувчиларни юборишдан бош тортди

Бироқ ДИИҲБ бу таклифнома жуда кеч юборилгани, шу боис 26 январ куни бўлиб ўтадиган сайловда ЕХҲТ кузатувчилари бўлмаслигини билдирди. «Президент сайловига атиги 10 кун қолганида Беларусдан келган таклиф ДИИҲБга сайлов жараёнининг муҳим босқичларига киришига тўсқинлик қилади, бу эса мазмунли кузатишни имконсиз қилади. 9 январдаги баёнотимиздаги маълумотлар ҳамон амалда», — деб хабар берди ДИИҲБ.

«Беларус президентлик сайловлари санасини бир неча ой олдин эълон қилган ва ҳукумат ДИИҲБ сайловнинг барча муҳим жиҳатларини кузатиш учун ўз вақтида таклифга муҳтожлигини яхши билади», деди ДИИҲБ матбуот котиби Катя Андруш dpa нашрига.

Мавзуга оид