Жаҳон | 20:04 / 18.01.2025
6516
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон соҳилларидан 500 дан ортиқ ўлик тошбақалар топилди

Йўқолиб бораётган турга кирувчи ушбу тошбақалар денгизчилар тўрига илиниб қолиш оқибатида нобуд бўлгани тахмин қилинмоқда.

Фото: AFP

Ҳиндистон жанубидаги Ченнаи соҳилидан 500 дан ортиқ йўқолиб бораётган турга кирувчи денгиз тошбақалари ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда The Times of India хабар берди.

Қайд этилишича, жониворларнинг кўзлари бўртиб, бўйинлари шишиб кетган. Тахминларга кўра, уларнинг аксарияти чўкиш оқибатида нобуд бўлган.

Денгиз тошбақалари муҳофазаси бўйича мутахассис Супража Дхарини мазкур ҳолатни назорат қилинмайдиган тижорий балиқчилик ва калмарларни тутишда тўрлардан фойдаланиш билан боғлаган. Унинг сўзларига кўра, тошбақалар тез-тез шу каби тўрларга тушиб қолади ва сув остига тортилиб кетади — улар яшаши учун ҳар 40-45 дақиқада сув юзасига чиқиб туриши керак.

Шунингдек, таъкидланишича, айрим тошбақалар соҳилдан узоқдаги ҳудудда нобуд бўлган ва соҳилга бир неча кундан кейин ташлаб кетилган.

Бутунжаҳон ёввойи табиат фондига кўра, денгиз тошбақаларининг еттита тури йўқолиб кетиш хавфи остида. Ҳар йили бундай тошбақаларнинг 250 мингтаси балиқчилар тўрига тушиб қолади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг ноябрида Қозоғистоннинг Манғистов вилоятида сўнгги уч ҳафтада Каспий денгизи қирғоғидан мингдан ортиқ тюленларнинг жасади топилганди. Каспий тюлени Қозоғистон Қизил китобига киритилган. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирги вақтда Каспий денгизининг Қозоғистон сектори акваториясида 240 мингдан ортиқ индивид яшайди.

Мавзуга оид