Ўзбекистон | 17:37 / 17.01.2025
11139
1 дақиқада ўқилади

Зарбдор туманига янги ҳоким тайинланди

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган Бекзод Тошпўлатов Зарбдор тумани ҳокими этиб тайинланди. 2019-2024 йилларда туманга ҳокимлик қилган Зафар Рўзиев олдинроқ Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари лавозимига ўтказилганди.

Фото: Жиззах вилояти ҳокимлиги

Зарбдор туманига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун, 17 январ куни халқ депутатлари Зарбдор туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев иштирок этган.

Сессияда Тошпўлатов Бекзод Турғуновични Зарбдор тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарор депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланган.

Бекзод Тошпўлатов 1983 йилда Жиззах шаҳрида туғилган. У муқаддам Жиззах вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, 2020 йил декабрида Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Маълумот учун, Зарбдор туманига бундан олдин Зафар Рўзиев ҳокимлик қилган. 2019 йилда Зарбдор тумани ҳокими лавозимига тайинланган Зафар Рўзиев 2024 йилнинг 28 декабр куни Жиззах вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари - қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозимига ўтказилганди.

Мавзуга оид