Жаҳон | 18:09 / 17.01.2025
10867
2 дақиқада ўқилади

Хитой аҳолиси кетма-кет учинчи йил камайди

ХХР давлат статистика бошқармаси 2024 йилда мамлакат аҳолиси ундан олдинги йилга нисбатан 1,29 млн кишига қисқарганини маълум қилди.

Фото: AP

Ҳозирда мамлакат аҳолиси 1,4 миллиард кишини ташкил этмоқда. Шу билан бирга янги туғилган чақалоқлар сони 520 минг кишига ошиб, 9,54 миллионга етган. 2024 йилда туғилиш даражаси ҳар минг кишига 6,8 ни ташкил этган — бу 2023 йилга нисбатан 0,38 га кўп демак.

Ўтган йил давомида шаҳарлар аҳолиси 1,1 фоизга ошган (943,5 миллион киши). 464,8 минг фуқаро эса қишлоқ жойларда истиқомат қилмоқда — бу ундан олдинги йилга нисбатан 2,5 фоизга кам.

Хитойликлар сони 2022 йилдан қисқаришни бошлаган. Ўшанда уларнинг сони 850 минг кишига, 2023 йилда эса 2,08 миллион кишига камайган. ХХРда эркаклар сони 719 миллионни, аёллар эса 689 миллионни ташкил этмоқда. Аҳолининг 60,9 фоизи 16 ёшдан 69 ёшгача бўлган фуқаролардир.

Аввалроқ Хитойда 2024 йилда рўйхатдан ўтказиладиган янги никоҳлар сони ушбу ҳисобни юритиш бошланганидан бери энг паст кўрсаткичга тушиб кетиши тўғрисида хабар берилганди. Фуқаролик ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида Хитойда 4,74 миллион жуфтлик никоҳдан ўтган, бу ўтган йилнинг мос даврида оила қурганларга нисбатан 16,6 фоизга кам.

Шунингдек, Хитой ёлғиз инсонларни оила қуришга, оилаларни эса биттадан кўп фарзанд кўришга ундаш мақсадида туғилишни рағбатлантириш кампаниясини кенгайтирган. Рағбатлантириш тадбирлари маҳаллий ва миллий даражада амалга оширилмоқда.

Мавзуга оид