Жаҳон | 12:48 / 17.01.2025
2495
4 дақиқада ўқилади

Лондон ва Париж Украинага тинчликпарварларни юборишни муҳокама қилмоқда

Британия ва Франция Украинадаги уруш тугаса, тинчликпарварлар контингентини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. Британия бош вазири Стармер ҳозирча якуний қарорга келгани йўқ, деб ёзади The Telegraph.

Фото: AFP

Буюк Британия ва Франция етакчилари Кир Стармер ва Эммануэл Макрон Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришилса, Британия ва Франция аскарларини тинчликпарварлар контингент сифатида Украинага юбориш имкониятини муҳокама қилмоқда, деб хабар берди Лондоннинг The Telegraph газетаси 15 январ, чоршанба куни кечқурун манбаларга таяниб.

Нашр манбаларига кўра, Макрон бу ғояни фаол тарғиб қилмоқда ва уни Украина президенти Володимир Зеленский, Полша бош вазири Доналд Туск билан муҳокама қилган. Даунинг-стрит ва Елисей саройи вакиллари Стармер ва Макрон ўтган ҳафта Буюк Британия бош вазирининг Чекерс қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда бу масалани муҳокама қилгани ҳақидаги хабарларни рад этмади.

Музокаралар тафсилотлари махфийлигича қолмоқда, бироқ Британия ҳукуматидаги бир қанча юқори мартабали манбалар Стармер ҳали бу режани тўлиқ қўллаб-қувватламаганини айтди. «Биз нимани қўллаб-қувватлашимиз мумкинлиги, нимани қўллаб-қувватлашни хоҳлашимиз ва қўшинларга қандай таҳдидлар пайдо бўлиши мумкинлиги, бу кескинлашув сифатида қабул қилинадими ёки йўқми, деган кенгроқ саволлар ҳақида жуда кўп масалалар бор», деди The Telegraph нашрига манбалардан бири.

Буюк Британия позицияси

Буюк Британия ҳукуматининг барчага маълум позицияси шундаки, Ғарб иттифоқчилари Зеленскийга максимал даражада ёрдам беришлари керак, шу билан бирга, Украина тинчлик музокараларини қачон ва қандай шароитда бошлашни ўзи ҳал қилиши лозим. Вазирлар ва расмийлар АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампдан Украина ва Россия ўртасида музокаралар ўтказишга интилишни кутмоқда ва эҳтимолий сценарийларни баҳолашга ҳаракат қилмоқда.

Муҳокама қилинаётган ғоялардан бири шундаки, Ғарб қўшинлари тинчлик битими шартларини бажариши мумкин. Россия уруш пайтида босиб олинган ҳудудларнинг бир қисмини сақлаб қолиши варианти ҳам кўриб чиқилмоқда, аммо бу масала бўйича катта ноаниқлик сақланиб қолмоқда.

Франция Украинага қўшин киритиш бўйича яширин машқлар ўтказди

Франция Украинага ўз қўшинларини киритиш эҳтимоли бўйича яширин ҳарбий машғулотлар ўтказди. Бу ҳақда 15 январ куни Intelligence Online нашри хабар берди. "Персей" (Persée) машқлари 2024 йилнинг кузида Франциядаги полигонда 10 кун давом этди ва махсус операциялар кучларининг (CAST) 3200 га яқин аскарини жалб қилди. Нашрнинг таъкидлашича, улар машқлар давомида Россия қўшинларининг Беларус ҳудудидан Украинага эҳтимолий зарбасини қайтаришни машқ қилишган.

Машқлар учун танланган ҳудуд ўз хусусиятларига кўра Киев шимолидаги Днипро дарёсининг бурилишига ўхшайди. Intelligence Online маълумотларига кўра, машғулотларнинг асосий мақсадлари дрон ва электрон уруш тизимларидан фойдаланишни машқ қилиш эди. Шу билан бирга, "Персей"нинг баъзи иштирокчилари FPV дронларининг етишмаслигидан норози бўлишди ва француз ишлаб чиқарувчиларининг ушбу турдаги дронни ишлаб чиқишда ортда қолаётганидан хавотир билдирдилар, дея қайд этади Intelligence Online.

Мавзуга оид